Интернетсиз кун қандай бўлади?..

Бир неча соатлар давомида "гигант" интернет тармоқлари ишламай қолди: Фейсбук, Ватсап, Инстаграмм...

Уларнинг эгалари, масалан, Марк Цукерберг (Фейсбук) 6,6 миллиард доллар маблағ йўқотиб, "камбағаллашиб" қолганлиги ҳақида ижтимоий тармоқларда маълумотлар тарқаляпти.

Бир фикр хаёлимда айланиб юрибди, денг: “Интернет бутунлай ишламай қолса, нима бўлади?”

Бунинг яхши ва ёмон томони бор экан.

Яхши томони оиламизга, яқинларимизга, ҳамкасбларга кўпроқ вақт ажратиш имкони пайдо бўлади. Меҳр-оқибат қайтади.

Юқоридан бериладиган ва зудлик билан бажарилиши лозим бўлган "ўта муҳим" ишлар тўхтаб, демак "инсульт ва инфаркт"га чалинадиганлар камайиб, шифокорларга иш енгиллашади.

"Дежурний" табриклар ўтмай қолади, ҳеч бир хабарни "переслать" қилолмайсиз, демак, гаплашишга, учрашишга, мулоқот қилишга мажбур бўласиз.

Яқинда мактабда бўлган мажлисда фахрий, ҳурматли бир устоз ота-оналарга танбеҳ берганди - ҳозирги болалар мулоқот қилишни билмасмиш - бунга биз, ота-оналар айбдор эканмиз. "Телефондан бироз чалғиб, фарзандингиз томонга ҳам қараб қўйинг!", деганди устоз.

Ҳақ гап. Ёки телефон ва интернет бутун борлиғимизни чирмаб олгани ёлғонми?

Яна бир ҳақиқат - узоқдаги кекса ота-онамиз ва яқинларимизга ҳар замонда бир телефон қилиб қўйиб, кўнглимизни хотиржам қиладиган бўлдик... Демак, ҳаммаси яхши. "Боғдодда ҳаммаёқ тинч!". Зиммамиздаги бурч ва масъулият бажарилди, ҳисоби...

Ота-оналаримиз ғанимат, яқинларимиз омонат, бу дунё "синовли, 5 кунлик" экани ёдимиздан кўтарилади баъзида.

Ишни дея бир ҳамкасбимиз касалликка чалинди ва оламдан ўтди - қалами ўткир эди...

Афсуски, ишдан ортиб, уни ҳолидан хабар оладиганлар топилмади, "Ўлишини ҳеч ким кутмаганди, ғафлатда қолдик!" дейишди.. Ажал сўраб келадими?

Иш кўплигидан эмас, оқибат йўқлигидан шундай бўлди аслида!

Кечқурун ҳамма бир дастурхон атрофида жамланади - кечки овқат тановул қилинади. Сўнг ота Фейсбукда, она Телеграммда, болалар Инстаграммда банд...

Ишхонада ҳам шундай - бўш вақт топилди дегунча "интернетда нима гап?"...

Бир танишим мақтаниб қолди - кекса онасига интернетдан қандай фойдаланишни ўргатибди - ҳозир онаси уни телефон қилиб, кўпам безовта қилавермас экан.

Анна, холос! Биз ана шундай вазиятга келиб қолдик!

Кўпчиликда интернетдан фойдаланишда "иммунитет" йўқ!

У бебаҳо умримизни, вақтимизни ўғирлаяпти. Токи, ундан тўғри фойдаланишни ўрганмас эканмиз, шундай бўлаверади - бебаҳо кашфиёт зараримизга ишлайверади.

Биз "атомнинг кучини ўтин ёришга" сарфламайлик!

Ҳозирча Павелжонга раҳмат айтамиз! (Телеграмм асосчиси Павел Дуров) Кўз тегмасин, телеграмм бинойидек ишлаяпти.

Фейсбукда "ишламасак", Телеграммда "ишлаб" турамиз! Ҳаёт тўхтаб қолмайди!

Барибир, ИНТЕРНЕТсиз яшаш оғир бўларкан, ўйлаб қарасак!

Неъматларнинг шукрини қилайлик!

Нима дедингиз?

Гулчеҳра Бердиёрова, СамВМИ ахборот хизмати.