Интервални «Enter» тугмаси билан созлайдиганлар қанча?!

Таҳририятга корхона раҳбарларининг биридан мактуб келди. Унда раҳбарнинг ўзи дуч келган бир ҳолат тасвирланган. Тўғриси, у қабул қилган амалиётчилар ҳамма жойда учрасада, кўпчилигимиз бу ҳақда гапиришга ҳафсала қилмаймиз. Аммо талабчан раҳбарнинг саволлари жудаям оддий бўлгани учун ҳолат кишини ташвишга қўяди. Яхшиси, ўқиб, ўзингиз баҳо беринг.

“Олий таълим муассасаларидан бирида 3-курсни тамомлаган, ҳозирда филиалимизда амалиёт ўтаётган бир талаба амалиёт дастури ҳужжатларига имзо қўйдириш учун хонамга кирди.

Ёшлар билан мулоқот қилиш, уларнинг қизиқишлари, фикр-мулоҳазаларини билиш, умуман, ёшлар ишига бефарқ эмаслигим сабабли компютердаги ишимни тўхтатиб, талабага юзландим.

Салом-алик, сўрашишдан сўнг суҳбатни бошладик. Одатда ёшлар билан суҳбатда ўқиётган соҳаси бўйича билими, дунёқарашини ҳам бироз «имтиҳон»дан ўтказиб қўйиш одатим бор. Шу одатимга кўра ўтказилган суҳбатдан парча:

  - Ўқишингиз грант асосидами ёки шартномадами?

- Контрактман.

- Ота-онангиз касби нима?

- Расмий ишда ишламайдилар, деҳқончилик, уй ишлари.

- Ота-онангизга минг раҳмат, улар ўзлари ўқимаган бўлсада, ҳалол меҳнат билан сизни ўқитяпти. Уларнинг бу саъй-ҳаракатига муносиб тарзда етук мутахассис бўлиб орзуларини ушалтириш зарур. Бунинг учун фақатгина институтдаги таълим етарли эмас, ўз устингизда кўпроқ ишлаб, ўқиётган соҳангиз, ахборот технологиялари, ҳорижий тилларни яхши ўрганиш керак. Келинг, инглиз тилида бироз мулоқот қиламиз (Учинчи босқични битирган талаба ҳеч бўлмаганда бошланғич мулоқотни олиб бора олар деган умидда бу таклифни билдиргандим).

- Йўқ, ҳали ўрганмадим, хоҳиш бўлмаяпти, лекин ўрганиш керак (бу жавобда мантиқ кўрмадим).

- Компютерда ишлашни ўргандингизми?

- Ҳа (Худога шукр, шуни ўрганибди, дедим ичимда).

- Шу матнни тўлиқ матн қатор оралари интервалини иккига ўтказингчи - ўзим ишлаб турган Wорд дастуридаги матнни кўрсатиб, талабага жой бўшатдим.

- Битта-битта ҳар бир қатор бошига «ентер» ни уриб чиқаман (ҳафсалам пир бўлди).

Эхcэлл дастурини очиб, 2 та 3 хонали сон ёздим. Бири 2022-йилги ҳосил, иккинчиси 2023-йилги ҳосил. Ҳосилдорлик қанча фоизга ошибди?

Клавиатура ва «сичқонча»ни анча овора қилди, лекин ҳосилдорлик ўсиш фоизи чиқмади.

-Сизда «Eхселл» бошқача экан.

- Талаб ва эҳтиёж номли иқтисодий категориялар борку, улар ўртасидаги фарқни биласизми?

Сукут...

- Мактабда ўтгандиг-а, учбурчак юзаси қандай ўлчанади?

- 3 та томонларини кўпайтириб чиқамиз.

- Айлана юзасичи? (тўғриси, айланада юза бўлмайди, доирада юза бўлади деган жавобни кутганим ҳам йўқ).

- Ёдимга келмаяптида...

- «Доинг бусинесс» номли халқаро рейтинг ҳақида биласизми?

- Билмадим, бизнес қилиш дегани таржимаси.

- Буюк аждодимиз Мир Алишер Навоийнинг «Хамса»си достонлари номларини санаб ўтингчи.

- Ёдимда йўқ.

- Регистондаги Шердор мадрасасини қурдирган буюк аждодимиз ким?

- Улуғбек ..., йўқ, адашдим, Амир Темур қурдирган. 

- Яна бир буюк аждодимиз Абдурауф Фитрат, у киши яшаган давр ҳақида фикрларингизни билдирингчи.

Узоқ сукут. 

Кимни ё кимларнидир, қаерларнидир танқид қилиш мақсадида битмадим бу ёзувни. Фақат бугун олий таълим, қўйингки, ўрта таълим муассасаларида нималар ўқитиляпти, шунга қизиқиб қолдим, холос”.