“Ипак ва Буюк ипак йўли – Ханчжоудан Самарқандгача” кўргазмаси Самарқандда
Хитой ва ўзбек халқларининг ўзаро муносабати жуда қадимий тарихга эга. Ушбу муносабатларнинг шаклланиши ва ривожи ҳақида гап кетганида беихтиёр Буюк ипак йўли ёдга тушади.
Минг йиллар олдин Хитойнинг қадимий пойтахти Чанъан (ҳозирги Сиан) шаҳридан сафарга чиққан дастлабки савдо карвони ушбу йўлнинг кашф қилинишига сабаб бўлган. Бундан аввал “Нефрит йўли” ва “Лаъл йўли” деб аталган савдо-карвон йўллари ҳам мавжуд эди. Зотан, хитойликлар нефритга мўъжизавий тош сифатида қарашиб, ундан подшоҳлар саройини безаш ва диний маросимлар учун зарур бўлган буюмларни ясашда фойдаланганлар. Шунинг учун ҳам Хўтан ва Ёркент ҳудудларидан олинган бу тош Хитой ва ундан ташқарида сотилган.
Шунингдек, “Лаъл йўли” деб аталган савдо-карвон йўли орқали Бадахшон тоғларидан топилган лаъл ҳамда Хоразм подшоҳлигида учрайдиган феруза тошлари дунё бўйлаб тарқалган.
Аммо Буюк ипак йўлининг инсоният олдидаги хизматлари алоҳида эканлигини эътироф этмоғимиз лозим. Икки минг йилдан ортиқ тарихга эга бўлган бу йўлни кимлар босиб ўтмаган ва нималар ташилмаган, дейсиз? Савдогарларнинг туяларига юкланган сандиқларда қимматбаҳо буюмлардан ташқари, халқлар ижодиётининг ўлмас намуналари, Шарқ ва Ғарб мутафаккирларининг буюк асарлари, уларда баён қилинган илмий, диний, эстетик-тарбиявий аҳамиятга молик ғоялар дунё бўйлаб ёйилган. Бу йўлда буюк аждодларимиз, дунёга донғи кетган алломалар Абу Жаъфар ибн Мусо ал-Хоразмий, Абу Али ибн Сино, Абу Наср Фаробий, Абу Райҳон Беруний, Қозизода Румийлар ҳамда ислом дини ва маданиятини дунёга тарғиб қилишга беқиёс ҳисса қўшган машҳур юртдошларимиз Исмоил ал-Бухорий, Имом ал-Мотуридий, Имом Абу Лайс ас-Самарқандий, Имом Косоний, Имом Абдул Азиз Марғиноний ва “Муттақадимин Имомлар” (энг қадимги имомлар)нинг охиргиси ҳисобланган Имом Али ас-Суғдий каби зотларнинг излари қолган.
Хуллас, милоддан олдинги II асрда асос солинган бу йўлни нафақат савдо карвонлари босиб ўтган, балки у орқали Хитой, Марказий Осиё, Европа, Шимолий Африка мамлакатлари билан маданий алоқалар ўрнатилган, элчилар алмашинуви йўлга қўйилган. Жумладан, ханлар сулоласининг вакили Занг Киан милодгача бўлган 138-119 йиллар давомида икки маротаба элчи сифатида Турон заминига ташриф буюрган.
Буюк ипак йўлининг инсон тараққиётида тутган ўрни беқиёс. Бежизга Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ЮНЕСКО қўмитаси “Ипак йўли – мулоқотлар йўли” номли кенг кўламли халқаро лойиҳани қабул қилиб, қатор илмий-маданий ва амалий тадбирлар ўтказишни режалаштирмаган. Шу лойиҳа доирасида 1996 йилда Бухоро шаҳрида ўтказилган “Буюк ипак йўлининг тикланиши: маданий туризм ва Ўзбекистон меросининг тикланиши”, 2000 йилда Тошкентда ташкил қилинган “Буюк ипак йўли – 2000”, 2014 йилнинг 3 октябрида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Кенгашининг 93-сессияси бунга мисолдир. Шунингдек, Ўзбекистон “Буюк ипак йўлида сайёҳлик” лойиҳасининг ҳам ташаббускори эканлигини унутмаслик лозим.
Кўпчиликни биз таърифлаётган йўлнинг номида нега “ипак” сўзи мавжудлиги қизиқтирса, ажаб эмас.
Маълумки, 1271 йилда Марко Поло отаси, амакиси ва бошқа ўнта италияликлар ҳамроҳлигида денгиз-тоғлардан ошиб Шангду шаҳрига қараб йўл олади. Бу пайтларда Хитойнинг мазкур ҳудуди мўғул хони Хубилайнинг ҳукмронлиги остида бўлган. Қарийб 17 йил хоннинг меҳмони бўлган Марко Поло Хитойнинг кўпгина ҳудудларини кезиб чиқади ва бу юртнинг чиройи, бойлиги ва транспорт йўл тизими ривожидан ҳайратда қолади. Бундан ташқари, у савдогарлик касбидан ҳам йироқ эмаслиги боис маҳаллий халқнинг ишлаб чиқариш ва савдо-сотиқ фаолияти билан яқиндан танишишга ҳаракат қилади. У айниқса, жанубий шаҳарларда олтин ва ипак буюмлари ишлаб чиқариш маданияти юқори даражада эканлигининг гувоҳи бўлади. Ниҳоят, венециялик Марко Поло ўз юртига қайтганидан сўнг ўз кўрган-кечирганлари битилган “Марко Полонинг саёҳатлари” номли китобида Шарқдан Ғарбга қараб жўнатилган карвонлар йўлини “Ипак йўли” деб аташга аҳд қилади. Мазкур номга “буюк” сифатининг қўшиб қўйилиши эса немис олими Фердинанд фон Рихтернинг ташаббуси бўлиб, у XIX асрнинг охирларида нашр қилинган “Хитой” номли асарида биринчилардан бўлиб “Буюк ипак йўли” атамасини истеъмолга киритган.
Шундай қилиб, қитъаларни бирлаштирган кўприк вазифасини ўтаган савдо-карвон йўлидан дастлабки даврларда бошқа маҳсулотлардан кўра кўпроқ ипакдан ишланган матолар ташилгани учун унга “Ипак йўли” номи берилгани ҳақиқатлигига ишониш керак.
Ажабо, шу даражадаги қадр-қимматга эришиб, улуғланган ипакнинг ўзи қаерда кашф этилиб, қандай тарқалган экан?! Бу ҳақида тадқиқотчилар турли фаразларни билдиришса, оддий халқ турфа ривоятларни айтиб келмоқда. Хитойда тарқалган ривоятларнинг бирида ҳикоя қилинишича, қадимги императорнинг хотини Си Лингчи чой ичиб турганида пиёласига пилла тушади. Малика пиллани пиёладан олиб ташлаш учун тортганида унинг толаси чўзилиб узун ипакка айланади. Ипак толасининг шу тариқа кашф этган малика машҳур шахсга айланади.
Баъзи тадқиқотчилар ипакнинг дастлабки намуналари Ҳиндистонда пайдо бўлган, деган фаразни айтганлар. Лекин кўпчилик ипакнинг асл ватани Хитой деб ҳисоблайди. Пилла қуртини боқиш ва ипак толасини тайёрлаш узоқ вақт сир сақланиб, уни четга олиб чиққанлар қаттиқ жазоланган бўлишига қарамасдан, милоддан аввалги IV асрдан бошлаб ипак Хитойдан Ҳиндистонга олиб ўтилган ва кейинчалик бошқа мамлакатларга ҳам ёйилган.
Ипакнинг юртимизга олиб келиниши ҳақида ҳам баъзи ривоятлар мавжуд. Улардан бирида хитойлик малика Бухорога турмушга чиққанида пиллани соч турмагига яшириб олиб келиб, кўпайтиргани ҳақида ҳикоя қилинади. Ушбу ривоятга ишониш қийин. Бироқ олимлар ўрганишича, пилла Фарғона, Самарқанд, Бухоро шаҳарларига Хитойдан юқорида эслатилган “Ипак йўли”дан юрган карвонлар орқали келтирилган. Кейинчалик маҳаллий ҳунармандлар ипак толани етиштириш ва шоҳи матолар тўқишда хитойликлардан устамон бўлиб кетганлар. Уларнинг дастгоҳларида тўқилган парча, атлас, адрас каби матолардан дунёнинг кўплаб мамлакатларидаги ҳукмронлар, зодагонлар, бойвачча аёллар либослар тикдиришган.
Демак, турфа халқлар иқтисодий-маданий алоқалари рамзий белгисига айланган ипакнинг тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалади. Бу эса ипак ва уни тарқатган йўл тарихини ўрганишга эҳтиёж туғдиради. Ҳозирги кунда самарқандликлар ва шаҳримиз меҳмонлари ушбу эҳтиёжни қондириш имкониятига эга бўлиб туришибди. Шу кунларда Самарқандда Ханчжоу шаҳрида жойлашган Хитой ипак музейи ва Ўзбекистон маданияти тарихи музейи ҳамкорлигида ташкил қилинган “Ипак ва Буюк ипак йўли – Ханчжоудан Самарқандгача” кўргазмаси очилмоқда.
ЮНЕСКО томонидан қўллаб-қувватланган мазкур тадбирни асосий мавзуси ипакнинг келиб чиқиши, унинг Буюк ипак йўли орқали Марказий Осиёга кириб келиши ҳақидаги маълумотлардан иборатдир. Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги дипломатик алоқалар ўрнатилишининг 30 йиллигига бағишлаб ўтказилаётган кўргазмани ташкиллаштириш воситасида Буюк ипак йўли ўтган мамлакатлар ўртасидаги маданий алоқаларни янада ривожлантириш ҳамда Буюк ипак йўлини қайтадан дунёга таништириш мақсади кўзланмоқда.
Кўргазмада дунёнинг энг катта еттита музейидан тўпланган 300 га яқин экспонат қўйилмоқда. Хитойнинг турли ҳудудларида жойлашган ёдгорликлардан топилган пилла етиштириш ва ипак матоларини тайёрлаш билан боғлиқ ашёвий далиллар намуналари маҳаллий томошабинлар, сайёҳлар диққатини тортишига аминмиз. Жумладан, қадимги ипак йўлидаги муҳим шаҳарлардан ҳисобланган Турпан вайронларида олиб борилган қазилмалар пайтида 400 дан ортиқ қабрдан ипак матолари топилган. Кўргазмадан Турпан Остона қабрлари гуруҳи ва уларда топилган ипак ҳақидаги маълумотлар жой олган. Юхан шаҳридаги Фаншан вайронларидан топилган нефрит билан безалган тўқимачилик дастгоҳларининг тарихи эрамиздан аввалги 2500 йилларга бориб тақалади.
Кўргазмада, шунингдек, ипакнинг Марказий Осиёга кириб келиши, ипак матоларининг маҳаллий нақшинкорлик ва тўқимачилик санъати асосида шаклланган янги турлари ҳақида маълумотлар берувчи экспонатлар ҳам намойиш қилинади.
Академик Аҳмадали Асқаров гувоҳлик беришича, Жанубий Ўзбекистондаги Сополлитепа ёдгорлигидан топилган ипак қолдиқларининг ёши 3600-3700 йилларга бориб етади. Фарғона вилоятидаги “Мингтепа” қабристонидан топилган ипак матолари эрамизнинг III-V асрларига оид ва бу қадимги Фарғона Осиёнинг тўқимачилик маркази бўлганлиги, унинг 3 минг йилдан ортиқ тарихга эга эканлигидан гувоҳлик беради.
Машҳур Виктория ва Алберт музейи коллекциясига кирадиган Сенмурв (ярим ит, ярим қуш шаклидаги афсонавий ҳайвон) ва чўчқанинг боши тасвирланган ипак матолари эса ипакнинг Сосонийлар ва Марказий Осиёдаги суғд маданий ҳаётида катта ўрин эгаллаганидан далолат беради.
Ҳар ҳолда кўргазмадан ўрин олган энг асосий экспонатлардан бири Афросиёб харобаларида топилган элчилар қабули тасвирланган деворий сурат эканлигини эътироф этиш даркор. Суратда VII асрда Тан сулоласидан келган етти нафар элчининг суғд подшоси Вархуманга ипакдан тайёрланган либос ва ипак матоларни совға қилаётгани тасвирланган.
Хуллас, Ханчжоудаги Хитой ипаги музейининг Самарқанддаги Ўзбекистон маданияти тарихи музейи билан яқин ҳамкорлиги ҳамда Яҳё Ғуломов номидаги Археология институти, Самарқанд давлат чет тиллар институти, Шанхай хорижий тадқиқотлар университети ва Донхуа университетлари қўллаб-қувватлаши натижасида “Афросиёб” музейида ташкил қилинган “Буюк ипак йўли – Ханчжоудан Самарқангача” кўргазмаси Буюк ипак йўли бирлаштирган мамлакатлар, халқлар ўртасидаги маданий алоқаларни ривожлантиришдек муҳим вазифани тўлиқ бажаришига аминмиз.
Шаҳриёр Сафаров,
Ли Чэньсюй,
Самарқанд Конфуций институти директорлари.