Тўй қилаётганларнинг 25 фоизидан зиёди қарзга киради

"Юксалиш" ҳаракати тўй харажатлари ва тўйга муносабат бўйича муҳим сўровнома ўтказган.

Сўровнома натижалари ўзбекистонликларнинг шахсий қарорларга нисбатан жуда юқори ижтимоий босим берадиган тўй маросимларининг жамиятимизга етказаётган иқтисодий ва руҳий жароҳатларини ҳам очиб ташлаган.

Асосий хулосалар:

- Ўзбекистонликлар ойлик даромадидан бир неча ва ҳатто ўн карра ортиқ харажат қилиб тўй ўтказишади. Аниқроқ айтганда, сўралганларнинг деярли ярми 5 млн. сўмгача даромадга эга, лекин улар тўйга 50 миллион сўмдан кўп маблағ сарфлашади.

Сўралганларнинг 25,1 фоизи тўйга деб қарз олади, лекин бу рақам янада каттароқ бўлиши мумкин. Чунки тўйчиларнинг 55,2 фоизи яқинлари ёрдамидан фойдаланишини билдиришган (бу ҳам қайтариладиган қарз аслида, ҳатто тўёна бўлса ҳам). Янги оила қарз билан ҳаёт бошлашининг кейинги оқибатлари янада чуқур ва оғриқли (бу яна бошқа сўровлар мавзуси). Фақат 14,1 фоиз тўйчилар ўзининг пулига тўй қилади.

Тўйга катта харажат қилишга мажбурлик асосан ижтимоий босим туфайли юзага келади (одамлар нима дейди қўрқуви).

Энг қизиқарлиси, тўйга нисбатан ижтимоий иккиюзламачилик мавжуд. 44,5 фоиз сўралганлар тўйга кўп маблағ сарфлашганидан афсусда бўлишган.

Лекин умид йўқ эмас. Сўралганлар қиммат тўй ўрнига таълим олишга, уй-жой сотиб олишга, саёҳатга ва соғлиғини тиклашга пул сарфлаш керак, деб ҳисоблашади.

Эътиборлиси, тўйга беҳуда сарфларга қарши чоралар орасида молиявий саводхонликни ошириш таклифлари ҳам янграган.

Отабек Бакиров, иқтисодчи.