“Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университетининг 400 ўринли ётоқхонаси фойдаланишга топширилди
Давлат-хусусий шериклик асосида қурилган бино Самарқанд туризм ва маданий мерос техникуми ҳудудида жойлашган.
- Талабалар турар жойи “З-П-А” оилавий корхонаси томонидан давлат-хусусий шериклик асосида барпо этилди, - дейди университет режа-молия бўлими етакчи мутахассиси Алишер Шамсиддинов. - Лойиҳа қиймати 25,4 миллиард сўм бўлиб, шундан 12 миллиард сўми давлат субсидияси, қолган маблағ эса хусусий шерик ҳиссаси ҳисобланади. Беш қаватда ҳам ошхона, кир ювиш ва бошқа хоналар мавжуд. Бинога туташ ҳудудда мини футбол стадиони, баскетбол майдони қурилган.
- Университетнинг гид ҳамроҳлиги ва таржимонлик фаолият йўналишида ўқийман, - дейди жиззахлик Сурайё Мамирова. – Ётоқхона йўқлиги учун 400 минг сўм пул тўлаб 10 кишигача битта хонада ижарада турардик. Ётоқхона қурилгач, бу муаммолардан қутулдик. Хоналар шинам, иссиқ, дарс қилиш, спорт билан шуғулланиш, дам олиш учун зарур шароит яратилган.
Ётоқхона биноси очилиш тадбирида университет ректори - Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов иштирок этди.
Маълумот ўрнида: Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 9 сентябрдаги “Республика олий таълим муассасаларида талабаларни турар жой билан қамраб олиш даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, 2022 йилдан 2025 йилга қадар Самарқанд вилоятида 10 минг ўринли 25 та талабалар турар жойи қуриш режалаштирилган.