Ипотека кредити: Қулайликлар кўпайди. Улардан фойдаланиш тартиби осонлашдими?
Кейинги йилларда қурилиш-ободонлаштириш ишлари жадаллашди. Хусусан, аҳолини арзон уй-жой билан таъминлаш, тураржой савдосини тартибга солиш, жараёнга янги меъморий ва иқтисодий ечимларни жорий этиш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда. Фуқароларнинг харид имкониятини оширишга хизмат қилувчи ипотека кредитлари шулар жумласидан.
Бугун самарқандликлар орасида ҳам бу кредит турига эҳтиёж катта. Хўш, улар бу қулайликдан фойдалана оляптими? Ипотека кредитини расмийлаштиришда фуқароларга қандай талаблар қўйилади? Жараёнда кимга, қандай имтиёзлар берилади? Марказий банк вилоят бош бошқармаси мутахассиси Азамат Қосимовга кўпчиликни қизиқтираётган саволлар билан мурожаат қилдик.
– Маълумки, ипотека кредитлари барчага ҳам ажратилмайди. Унинг ўзига яраша талаблари бор. Айтинг-чи, бугун тижорат банкларидан ипотека кредити олмоқчи бўлган фуқаролар нимани билиши керак?
– Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 23 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарорига асосан, ипотека кредитини олиш учун фуқаро тижорат банкига:
– ариза;
– қарз олувчи(биргаликда қарз олувчи)нинг паспорт нусхаси;
– сотиб олинадиган уй қийматининг 15 фоизидан кам бўлмаган миқдордаги маблағи (Субсидия бўлса, давлат бюджетидан тўлаб бериладиган қатъий белгиланган субсидия ва уй-жой қийматининг камида 5 фоизи қарз олувчи томонидан ўз маблағлари ҳисобидан шакллантириладиган бўлиши керак);
– пудрат ташкилоти билан хонадон сотиб олиш бўйича тузилган шартнома билан мурожаат қилиши лозим.
Айтиш жоизки, бунда қарз олувчи ва биргаликда қарз олувчининг охирги 12 ой учун даромадлари тўғрисидаги маълумотнома банк томонидан электрон тизим орқали онлайн олинади. Агар электрон тизимда ушбу маълумот акс этмаса, фуқаролар керакли маълумотларни ўзлари тақдим этишлари мумкин.
– Ушбу қоида ипотека кредити олишда аҳолининг маълум қатлами, жумладан, янгидан иш бошлаган ёки ўзини ўзи банд қилган фуқароларнинг ҳуқуқи чекланишига олиб келмайдими?
– Доимий иш жойидан 12 ой учун даромадни ҳисоблаш умумий қоида ҳисобланади. Амалда бу тартиб тижорат банкларининг кредит сиёсатига қараб енгиллаштирилиши мумкин. Бугун мазкур даврни 3 ойдан 6 ойгача қилиб белгилаган банклар ҳам бор. Шунингдек, қонунчилигимизда аҳолининг бу қатламига кирмайдиган фуқаролар учун ҳам ипотека кредити ажратишнинг қатор тартиблари ишлаб чиқилган. Масалан, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорларига кўра, уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган фуқароларга ҳам ипотека кредити ажратилиши белгиланган. Бундан ташқари, ипотека кредитлари шахсий ёрдамчи ёки деҳқон хўжалигидан, якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятидан доимий даромадга, шунингдек, ипотека кредити бўйича ҳисобланган фоизларни ва асосий қарзни тўлов жадвалига мувофиқ ҳар ойда тўлаш учун етарли бўлган қонун ҳужжатларида тақиқланмаган ҳамда ҳужжатлар билан тасдиқланган бошқа даромад манбаига эга бўлган шахсларга ҳам берилади.
Бунда қарз юки кўрсаткичи фуқаро даромадининг 70 фоизидан юқори бўлмаслиги керак. Шунингдек, у ипотека кредитини олиш учун бирламчи уй-жой бозорида сотиб олинадиган хонадон қийматининг камида 15 фоизи миқдорида бошланғич бадални тўлаш имкониятига эга бўлиши лозим.
Жорий йилнинг ўтган 9 ойида вилоятимизда бошланғич бадал пулини тўлиқ шакллантирган 1949 нафар фуқарога 470,7 миллиард сўм имтиёзли ипотека кредити ажратилди. 2021 йилнинг 12 ойида бу кўрсаткич 1113 ҳолатда 281 миллиард сўмни ташкил қилган.
– Банкларда ипотека кредити ажратиш принципи турличами? Масалан, муштарийлар ўртасида ўтказган сўровимизда уларнинг аксарияти “Ўзмиллийбанк” ҳамда Халқ банки”дан кредит олиш осонлигини, бошқа айрим банкларга мурожаат қилганлар эса ҳужжат йиғиш билан овора бўлганликларини айтишди. Гаров реестри барча банкларда ҳам ишламайдими?
– Тижорат банкларида жисмоний шахсларга ипотека кредити ажратиш тартиби Президентимизнинг тегишли фармонлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари асосида амалга оширилади. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, бугун барча банкларда ипотека кредити ажратиш принципи бир хил. Тўғри, айрим банкларда фуқаролар мурожаат қилган вақтда қайсидир тизим ишламай қолган бўлиши мумкин. Лекин бу вақтинча ва умумий жараёнга баҳо бериш учун асос бўлмайди.
Гаров реестри масаласига келсак, Ўзбекистон Республикасининг “Гаров тўғрисида”ги Қонунининг 11-моддасида гаров тўғрисидаги шартнома ёзма шаклда тузилиши кераклиги, ипотека тўғрисидаги шартнома, шунингдек, нотариал тартибда тасдиқланиши керак бўлган шартнома бўйича мажбуриятларни таъминлаш юзасидан кўчар мол-мулкни ёки мол-мулкка бўлган ҳуқуқларни гаровга қўйиш тўғрисидаги шартнома нотариал тартибда тасдиқланиши лозимлиги, бундан бирламчи бозордан кўчмас мулк ва транспорт воситаларини олиш чоғидаги ипотека ва гаров тўғрисидаги шартномалар мустасно эканлиги белгилаб қўйилган. Ушбу модданинг қоидаларига риоя қилмаслик гаров тўғрисидаги шартноманинг ҳақиқий эмас, деб топилишига сабаб бўлади.
Юқоридаги талаблардан келиб чиқиб, шунингдек, тижорат банкларида кредит таъминоти хавфсизлигини таъминлаш мақсадида бугун бирламчи бозордан уй-жой ва автотранспорт воситалари сотиб олишда гаров (ипотека) шартномаларини тижорат банкларининг ўзида расмийлаштириш ва ҳужжатни Гаров реестри сайти орқали Нотариатнинг ягона автоматлаштирилган ахборот тизимига киритиш йўлга қўйилган. Бу тизим мурожаатчиларнинг кредит ҳужжатларини расмийлаштиришга кетадиган вақтини тежаш имконини ҳам беради. Айтиш мумкинки, ҳозир вилоятимиздаги барча тижорат банкларида мазкур тизим ишлайди.
Вилоятимиздаги тижорат банклари томонидан фуқароларга субсидия асосидаги ипотека кредитлари 20 йил муддатга, йиллик 17-18 фоиздан, 6 ой имтиёзли давр билан (мижоз хоҳишига кўра) ажратилиши белгиланган.
– Президентимизнинг жорий йил 22 сентябрдаги “Ипотека кредитидан фойдаланишда аҳолига қўшимча қулайликлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори нимани ўзгартирди?
– Мазкур ҳужжатга мувофиқ, 2022 йил 1 ноябрдан бошлаб, хусусий пудрат ташкилотлари томонидан тайёр ҳолда топшириш шартисиз қурилган уйлардаги хонадонларни (хоналарга бўлинган ва пардоз ишларига тайёр) бирламчи уй-жой бозорида сотиб олиш учун ипотека кредитларини ажратишга ҳамда улар бўйича дастлабки бадалнинг ва ипотека кредити бўйича фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун субсидия тўлашга рухсат берилди. Бу эса аҳолининг уй-жой харид қилиш имкониятини янада ошириб, харажатларини қисқартириш имконини беради.
Шунингдек, ҳужжат билан Вазирлар Маҳкамаси томонидан аҳолига уй-жой сотиб олиш ёки якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш учун субсидия ажратиш жараёнларини рақамлаштириш, ипотека кредити ажратиш тартибини соддалаштиришни назарда тутувчи қарор қабул қилиниши белгиланган. Бундан ташқари, йил якунигача вилоятлар марказларида Тошкент шаҳри тажрибаси асосида ипотека марказларини ташкил этиш вазифаси ҳам қўйилган.
– Самарқандда ипотека марказлари бор эмасмиди? Унда қандай хизматлар йўлга қўйилади?
– Тўғри, Президентимизнинг 2021 йил 9 декабрдаги “Бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида, аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжидан келиб чиқиб, Самарқанд шаҳри ҳамда Ургут туманида ипотека марказлари ташкил этилган. Уларда тижорат банкларининг масъул ходимлари аҳолига ипотека кредити масаласида комплекс хизмат кўрсатиб келмоқда.
Янги ташкил этиладиган марказда эса ҳудудда уй-жой қурилишини амалга ошираётган пудрат ташкилотларининг сотув офислари ва нотариал идоралар, кадастр бўлимлари ва тижорат банкларининг банк бурчаклари ташкил қилинади. Мазкур марказларда пудрат ташкилоти ва фуқаро ўртасида тузилган шартномага асосан тўланадиган бошлангич тўловларни қабул қилиш учун банк кассаларини жойлаштириш ҳам кўзда тутилган.
Асқар Баротов тайёрлади.