Ипотека кредитларининг миқдори, муддати оширилгани уй-жойга эҳтиёжмандлар ҳамда соҳа тадбиркорларига енгилликлар беради

Очиғини айтганда, яқин-яқингача ҳам одамларнинг ипотека кредити ҳақидаги фикри унчалик яхши эмас эди. Чунки банкларнинг йил ярмидаёқ ресурс тугади, деб кредит беришни тўхтатиб қўйиши, кридет миқдорининг камлиги, фоизларнинг эса юқорилиги каби муаммоларга кўпчилик дуч келган. Эндиликда бу соҳада ҳам вазият яхши томонга ўзгариб, уй излаётган харидор ва уй сотмоқчи бўлган тадбиркор бир-бири билан ўзаро тушунарли тилда, бозор қоидаларига кўра савдолашадиган бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 1 майдаги “Аҳолининг уй-жой шароитини яхшилаш ҳамда ипотека кредити бозорини янада кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ана шундай имконият яратади. Чунки ушбу қарор ипотека бозорини янада ривожлантириш, хусусий пудрат ташкилотларини уй-жойлар қурилишига кенг жалб қилишга қаратилган.

Маълумот ўрнида айтадиган бўлсак, 2020 йилда тижорат банклари томонидан 103 та кўп қаватли уйнинг 68 таси (66 фоиз) каробка кўринишида бўлиши кўзда тутилган. Амалдаги тартибга кўра, тўрт девордан иборат уйларни сотиб олишга ипотека кредитлари ажратилмайди. Бу эса ана шу 66 фоиз уйларнинг деярли харидори йўқлигини англатади. Президент қарори билан 2020 йил 1 майдан бошлаб Молия вазирлигининг ресурслари ҳисобидан тайёр ҳолда топшириш шартисиз қурилган квартираларни сотиб олиш учун ҳам ипотека кредитлари ажратиладиган бўлди.

Қарор билан бозор қоидаларига зид бўлган яна бир ҳолатга барҳам берилмоқда. Яъни, ипотека кредитларининг энг кўп миқдори ҳам амалда бозорда сотилаётган квартиралар нархидан анча паст. Мисол учун, Тошкент шаҳрида икки хонали квартира учун кредитнинг энг кўп миқдори ҳозирда 198 миллион сўм этиб белгиланган бўлса, бирламчи бозордаги бу нарх 280 миллион сўмни ташкил ташкил этмоқда. Кўриниб турибдики, номутаносиблик сабабли аҳолининг ипотека кредитига нисбатан талаби ўз-ўзидан пасаяди. Шунинг учун қарорда бу масалага эътибор қаратилди ва қуриб битказилган ҳамда тайёр ҳолда топшириш шартисиз қурилган квартираларни сотиб олиш учун бир қарз олувчига ажратилаётган ипотека кредитларининг энг кўп миқдорлари ўртача 37 фоизга, яъни:

- қишлоқ жойларида 2 хонали квартиралар учун 174 миллион сўмдан 240 миллион сўмгача, 3 ва ундан кўп хонали квартиралар учун 224 миллион сўмдан 320 миллион сўмгача;

- шаҳарларда 2 хонали квартиралар учун 180 миллион сўмдан 240 миллион сўмгача, 3 ва ундан кўп хонали квартиралар учун 232 миллион сўмдан 320 миллион сўмгача;

- Тошкент шаҳрида 2 хонали квартиралар учун 198 миллион сўмдан 264 миллион сўмгача, 3 ва ундан кўп хонали квартиралар учун 255 миллион сўмдан 352 миллион сўмгача оширилади.

Янги тартиб доирасида аҳолига ажратиладиган ипотека кредитлари (шу жумладан, бугунги кунга қадар ажратилган ипотека кредитлари) муддати 15 йилдан 20 йилгача узайтирилади.

Бу жуда муҳим омил. Чунки тўловнинг 5 йилга узайтирилиши тўлов миқдорини ўртача 2,5 фоизга камайтиради, яъни кредит олувчи ҳар ойда 110-170 минг сўм кам тўлайди. Янги тартибдан шу кунгача ипотека кредит олган истеъмолчилар ҳам фойдаланиши мумкин.

Қарорга кўра, 2020 йилдан бошлаб мамлакатда уй-жой қурилишини бозор тамойиллари асосида молиялаштириш тизими жорий қилинади. Шунингдек, каронавирус пандемияси шароитида айланма маблағлар етишмовчилиги билан муаммолар юзага келганлиги туфайли тадбиркорлик субьектларига олинган кредитлар бўйича кафиллик ва фоиз харажатларини қоплаш учун компенсация тўлаш таклиф этилмоқда.

Халқимиз учун уй-жойнинг қадр-қиммати катта. Шунинг учун ҳам инсон ўз уйи, кичик ватани бўлиши учун доим ҳаракат қилади. Давлатимиз раҳбарининг ушбу қарори уй-жойга талаби бор фуқароларга ҳам, бу соҳадаги тадбиркорларга ҳам қатор енгилликлар беради. Тармоқ кенгайиб, жараёнлар шаффофлашади. Натижада рақобат пайдо бўлади. Рақобат эса ўз-ўзидан нархга, талаб ва таклифга ижобий таъсир кўрсатади.

Буюк МУРОДУЛЛАЕВ.