Иқлимшунослар хавотирда: Гренландия ва Антарктика музликлари 6 карра тез эримоқда

Гренландия музликлари эриши фаоллашган, 1980 йилдан бери бу жараён олти карра тезлашди, деб ёзмоқда «Science Alert»га таяниб xabar.uz.

Калифорния университети мутахассиси, тадқиқотчи, Эрик Риньонинг таъкидлашича, атмосферада парник газлари ўта кўп миқдорда тўпланиши оқибатида Ер иқлимида 1980 йиллардан кескин ўзгариш бошланган.

Гренландия 1980-1990 йиллар оралиғида йилига қарийб 51 млрд. тоннадан музини йўқотди. 2010-2018 йилларда эса йиллик йўқотиш 286 млрд. тоннани ташкил этди. Айниқса, энг кўп муз орол шимоли-ғарбида эриб, океанга қўшилиб кетди - 1 578 млрд. тонна. Бу, мисол учун, учта Эри кўлини тўлдириш учун етарли миқдор.

«Бу шундан далолатки, музликлар иқлим ўзгаришларига ўта таъсирчан», - деди Риньо.

Гренландия музликлари эриши дунё океани сатҳини 13,7 миллиметрга оширди (1972 йилга солиштирганда), шу ўсишнинг тенг ярми охирги саккиз йилда қайд этилди.

Келгусида бу тенденция кескинлашиб боравериши мумкин. Агарда шимоли-ғарб ва шимоли-шарқдаги энг совуқ ўлкаларда ҳам музликлар эриши фаоллашса, денгиз сатҳи кўтарилиши янада тезлашиб кетади. Энг қўрқинчлиси, Риньонинг айтишича, Антарктикада ҳам музликлар эриши тезлашган. Сўнгги 40 йилда бу ерда ҳам музликлар эриши олти бараварга тезлашиб кетгани аниқланди, ҳозир йилига 250 миллиард тоннагача Жанубий қутб музлари дунё океанига қўшилиб кетяпти.

Шимолий Атлантикага ўта катта миқдордаги чучук сув оқимининг келиб қўшилиши иқлимшуносларни хавотирга солмоқда. Яқинда ўтказилган тадқиқотлар чучук сувлар сайёрамиз иқлим мувозанатида муҳим аҳамиятга эга Гольфстрим оқими ҳамда Атлантика меридианал айланамаси тизимларига таъсир кўрсата олишини исботлаганди.

P.S. Олимлар, иқлим ўзгаришлари Ер шари аҳолиси учун кенг кўламдаги ҳалокатларга олиб келиши мумкинлигидан, бундан қочиш учун эса иложи борича табиатни асраш кераклиги ва унга етказилаётган зарар миқдорини минимал миқдорга тушириш лозимлиги ҳақида анча йиллардан бери бонг уриб келаяптилар. Аммо, манфаатлар тўқнашуви туфайли одамлар ҳам, турли давлатлар ҳам бунга эътиборсиз бўлмоқдалар.