Иқтисодий чегараларимизда нима гап?
Жорий йилнинг 10 ойи давомида давлат бюджетига ундирилган божхона тўловлари 2,63 триллион сўмни ташкил этган. Бу кўрсаткич 2022 йилнинг мос даврида 1,96 триллион сўм бўлган. Шу даврда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида божхона тўловларидан 2,56 триллион сўмга яқин имтиёз ва тариф преференциялари қўлланилган.
Бу вилоят Матбуот уйида вилоят божхона бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Ғайрат Сатторов иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида айтилди.
Таъкидланишича, божхона тўловларини кечиктириб тўлаш тартиблари соддалаштирилиши натижасида ҳисобот даврида тадбиркорлар 727,8 миллиард сўм (2022 йил январь-октябрь ойларида 641,5 миллиард) миқдоридаги божхона тўловларини тўлашда ушбу имкониятдан фойдаланган.
Анжуман давомида тадбиркорларга яратиб берилаётган бу каби имкониятлар вилоятимиз экспорт ҳажми ошишига хизмат қилаётгани ҳам таъкидланди. Хусусан, йилнинг 10 ойи давомида экспорт – 565,7 миллион долларни ташкил этиб, ўтган 2022 йилнинг мос даврига нисбатан - 61,4 миллион доллар ёки – 12,2 фоизга кўпайган.
Маълум қилинишича, хорижий бозорларга чиқарилаётган товарлар орасида мева-сабзавот ва тўқимачилик маҳсулотларнинг асосий қисмини ташкил қилади. Шунингдек, металлар ва улардан тайёрланган буюмлар, озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти ҳам йил сайин ортиб бормоқда.
Божхона хизмати иқтисодий чегараларимиз дахлсизлигини таъминлаш борасидаги муҳим идоралардан саналади. Жумладан, вилоятимиз божхоначилари кейинги 10 ой давомида 947 та ҳуқуқбузарлик ҳолатларини аниқлаган. Бу билан 25 миллиард 726,1 миллион сўмлик товарларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйилган.
Шунингдек, 18 ҳолатда 14,2 килограмм гиёҳвандлик моддаси аниқланган. Хусусан, 13,7 килограмм опий, 31,12 грамм гашиш, 509,68 грамм марихуана, 557 туп кўкнори ва 46 туп каннабис.
Божхона органлари томонидан тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланмасига чек қўйишга қаратилган тезкор чора-тадбирларда қиймати 2,1 миллиард сўмлик 146 274 қути тамаки маҳсулотлари тўхтатиб қолинган. Бундан ташқари, 4 ҳолатда умумий қиймати 5,5 миллион сўмлик 800 дона кучли таъсир қилувчи моддалар ушлаб қолинган.
Анжуман давомида масс-медиа ходимлари ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олди.
Жасурбек Шукуров.