Иқтисодий форум Ўзбекистоннинг барқарор ўсаётганини намоён этди

Самарқанд шаҳри мезбонлик қилган II Ўзбекистон иқтисодий форуми якунланди.

3-4 ноябрь кунлари ўтказилган “Инсон манфаатларини иқтисодий ислоҳотларнинг бош мазмунига айлантириш” мавзусидаги бу йилги форумда нуфузли халқаро ташкилотлар, юртимиздаги вазирлик ва идоралар раҳбарлари, етакчи иқтисодчилар, нуфузли инвестор ва экспертлар – 1200 нафарга яқин иштирокчи қатнашди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев форум қатнашчиларига мурожаат йўллаши ва мамлакатимизда кечаётган иқтисодий ислоҳотларнинг устувор йўналишларига тўхталиб ўтиши хорижлик эксперт ва тадбиркорларда катта қизиқиш уйғотди.

Форум ўндан ортиқ сессияда ўз ишини давом эттирди ва уларда янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси асосида олиб борилаётан фаол иқтисодий ислоҳотлар, қулай инвестицион муҳит, ижтимоий сиёсат ҳақида фикр алмашилди. Ўзбекистон ва халқаро молия идоралари билан биргаликда амалга ошириладиган лойиҳалар, ҳамкорликнинг келгуси истиқболлари муҳокама этилди.

Форумнинг якуний ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.Қўчқоровнинг маълум қилишича, икки кун давомида мамлакатимиздаги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар муҳокама этилиши билан бирга 3 миллион долларлик 62 та шартнома имзоланди.

– Биз бугун юртимизда иқтисодиётнинг барча соҳа ва тармоқларида амалга оширилаётган ишларимизни халқаро экспертлар, иқтисодчилар билан бирга таҳлил қилиб, келгусида амалга оширишимиз керак бўлган вазифаларни белгилаб олдик, – деди Ж.Қўчқоров. – Албатта, ҳозирги мураккаб шароитда эришаётган натижаларимиз, иқтисодий ўсиш кўрсаткичлари таъминланаётгани яхши. Лекин олдимизга қўйган мақсадларимизга эришиш, Тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш ва яқин истиқболда мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантириш учун яна ҳам кўпроқ ишлашимиз керак. Форум бизни қўллаб-қувватлаётган халқаро тузилмалар, ҳамкорларимиз билан бу борадаги чора-тадбирларни белгилаб олишимиз учун қулай майдон бўлди. Кейинги форумгача биз олдимизга қўйган мақсадларимиз сари ислоҳотларни давом эттирамиз, яхши иқтисодий ўсишга эришамиз, кўплаб активларни хусусийлаштирамиз.

Мажлисда халқаро молия корпорацияси минтақавий вице-президенти Ҳела Чейхруху, Whiteshield Partners консалтинг компанияси бошқарув кенгаши аъзоси, ЮНЕСКОнинг собиқ бош котиби Ирина Бокова, халқаро ислом савдо-молия корпорацияси бош амалиётчи директори Назим Нордали форум муваффақиятли ўтганини таъкидлаб, бу Ўзбекистонда иқтисодий ислоҳотларни жадал ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидлади.

– Бугун Ўзбекистон эришаётган натижалар жуда қувонарли, мамлакатда жуда катта ислоҳотлар амалга оширилмоқда ва бу ўз натижаларини бермоқда – деди Ирина Бокова. – Бу фақатгина иқтисодий соҳада эмас, бошқа йўналишларда ҳам намоён бўлмоқда. Мен ЮНЕСКОнинг аввалги раҳбари сифатида айтишим мумкинки, БМТнинг таълим, соғлиқни сақлаш, гендер тенглик ва бошқа дастур, мақсадларига эришишда Ўзбекистонда кейинги йилларда кенг кўламдаги ишлар амалга оширилмоқда. Муҳими, бу аҳоли ҳаётида ўз ифодасини топяпти.

Халқаро ислом савдо-молия корпорацияси бош амалиёт директори Назим Нордали Ўзбекистон бугунги кунда иқтисодиётни трансформация қилишда катта натижаларга эришгани, кичик ва ўрта бизнес ривожланиб бораётгани, банк сектори сифат даражасига ўтаётганини қайд этди. Тараққиёт стратегияси эса ўсиб келаётган Ўзбекистонни кўрсатаётганини алоҳида таъкидлади.

Таҳлилларга кўра, форумда энг кўп ишланган сўзлар – “ўсиш”, “очиқ”, “имкониятлар” бўлди. Мамлакатнинг барқарор тараққиёти учун эса инсон капитали, шаффофлик, инвестиция муҳимлиги қайд этилди. Халқаро ташкилотлар Ўзбекистонни пандемиядан кейин барқарор ривожланаётган давлатлар қаторида ва минтақадаги энг яхши иқтисодий ўсиш кўрсаткичига эришаётган мамлакат деб эътироф этмоқда.

II Ўзбекистон иқтисодий форуми ана шу жиҳатлари билан тарихий анжуманлар қаторидан ўрин олди.