Иқтисодий зонанинг иқтисодиётдаги самараси қандай?

1990 йилларда Ургутда 350 мингдан ортиқ аҳоли истоқомат қилар, тамаки ферментлаш заводи ва яна иккита бўз тўқувчи фабрикадан бошқа бирорта саноат корхонаси йўқ эди. Одамларнинг аксарияти ишсиз, бироз сармояси бор одамлар савдо-сотиқ билан шуғулланарди

Шу пайтларда Россия корхоналарига 45 минг тонна тамаки етказиб берилар, эркаклар ишсиз, аёллар ушбу хомашёни етиштириш билан шуғулланарди. Кейин ғалла мустақиллиги даври бошланди. Бу пайтда тамаки майдонлари қисқартирилди, Россия, Украина давлатларида тамакимизга талаб сусайди.

 Тамаки ва узум етиштириш билан аҳолини боқиб бўлмайди

1994 йилда Ургутга хорижий сармоя киритилиб, “УзБАТ” қўшма корхонаси ташкил этилди. Аммо бу билан кўзланган маррага етишиб бўлмайди, чунки аҳоли сони ўсиб борарди. Бу билан аҳолини боқиш мушкул эди.

Ўша пайтларда Ургут тумани фақат тамакига ихтисослашган ҳудуд эди. Ҳатто тамакини тизадиган сим ҳам четдан келтириларди. Туманнинг Мўминобод, Ғўс, Испанза, Тўрткўл каби юқори ҳудудларида сув танқислиги туфайли 7 минг гектарга яқин майдонда токзорлар бор эди. Улар етиштирган майизни ғўсликлар Россия ва бошқа давлатларга экспорт қиларди. Туманнинг 50-60 фоиз ерлари насосларда суғориларди, чунки электр энергиясига ҳозиргидек катта эҳтиёж йўқ эди. Чунки хонадонларда телевизорлар ҳам кам, бармоқ билан саноқли одамлардагина музлаткич бор эди. Кейинчалик электр энергиясида истеъмолчи кўпайди, эҳтиёж ортиб борди. Ерларга сув чиқариш имконияти янада камайди. Шу боис, яна токчиликка эътибор кучайди. Токзорлар майдони 10 минг гектаргача кенгайди, тоғли ҳудудларга ҳам мешларда сув чиқариб, ток экиш бошланди. Аҳоли эса йил сайин кўпайиб борди. Шунда саноатни ривожлантириш мақсадида маҳаллийлаштиришни қўллаб-қувватлаш бўйича ҳужжатлар қабул қилинди. Бу тадбиркорга катта енгиллик ва имтиёзлар берди.

 Иложсизлик имконият яратади

Ургутнинг марказида азалдан уддабурон одамлар кўп бўлган, яъни ишбилармонлик уларнинг қонида бор. Масалан, Ғўс ҳудудида икки туп помидор экиш у ёқда турсин ер йўқлигидан яшаш уйлари жуда зич жойлашган. Лекин уддабуронлиги туфайли бошқа жойда 1 гектар ери бор одамлардан кўра яхши яшайди. Нимадан, десангиз ҳунармандчилик, тадбиркорликдан. Муборак китобларда ҳам энг улуғ 10 хислатнинг 9 таси тижоратда, савдогарликда дейилади. Лекин авваллари четдан юк келтириб сотганлар чайқовчига чиқариларди, улар ўша пайтдаги орган ходимларининг таъқибидан қочиб, бекитиб сотишарди. Кейинчалик йўллар очилди, тадбиркорликка имкониятлар кенгайди. Шунинг учун аксарият ишбилармон одамлар тижоратни йўлга қўйишди, энди кўпроқ маҳсулот олиб келиб, расталарга ёйиб сотиш бошланди. Айниқса, 2000 йиллардан бошлаб хориждан маҳсулот келтириб сотиш кўпайди. Хориждаги ишбилармонлар билан ёр-у дўст бўлишди, ишлаб чиқариш заводларига киришди, уларнинг ишини ўрганди. Кейин шу маҳсулотларни ўзимизда ишлаб чиқариш имконияти борлигини кўриб улардан ишни ўрганиб, ускуналар харид қилишди. Бизда асосан саноатнинг ривожланиши, хорижий ускуналарнинг кириб келиши 2000 йилдан кейин бошланди. Аввал гиламчилик корхонаси, кейин пластмасс қувурлар ишлаб чиқариш ускуналари кириб келди. Хориждан ҳамкорлар жалб этилди. Тадбиркорлар кўрдики четдан импорт қилгандан кўра маҳсулотни шу ерда ишлаб чиқариш самарали бўлади. Асосийси, бозорга ўзи товар чиқаради, оиласини олдида бўлади, одамларни иш билан таъминлайди ва яхши даромадга эга бўлади. Шундай қилиб саноат ривожланиб борди.

Бир неча йилдан сўнг туманнинг Мерганча ҳудудида саноат зонаси ташкил этиш ғояси амалга оширила бошланди ва Жомбой туманидан электр тармоғи тортилди. Ўша пайтларда аҳолига ҳам, ҳокимликка ҳам бермасдан фақат тадбиркорларга, ишлаб чиқариш корхоналарига доимий электр энергияси етказиб бериларди.

 Эркин иқтисодий зона афзалликлари нимада?

Мамлакатимизда 1996 йилда “Эркин иқтисодий зоналар тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Президентимизнинг 2008 йил 2 декабрда “Навоий вилояти эркин иқтисодий зонасини ташкил қилиш тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Шу тариқа эркин иқтисодий зоналар фаолияти бошланди. Ҳозир республикамизда 22 та шундай иқтисодий ҳудудлар фаолият юритмоқда. Дастлаб “Навоий”, “Ангрен”, “Жиззах” ЭИЗлари ташкил этилди, кейин “Ургут”, “Ғиждувон”, “Ҳазорасп” ва “Қўқон” эркин иқтисодий зоналари ташкил этилди. Лекин ҳозирда салоҳияти жиҳатидан “Ургут” эркин иқтисодий зонаси пешқадамлар сафига қўшилди. Бу ердаги корхоналарнинг замирида шу ердаги халқнинг тадбиркорлиги, ҳаракатчанлиги давлат томонидан кредит олишдаги яратилган имтиёзлардан оқилона фойдаланиши ётибди. Президентимизнинг 2017 йил 12 январдаги Фармонига асосан “Ургут” ЭИЗга туман ҳудудидан 390 гектар, Паст Дарғом туманидан 66 гектар, Нуробод туманидан 360 гектар ва Самарқанд шаҳридан 102 гектар, жами 918 гектар ер майдони ажратилди. Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 13 мартдаги қарори билан яна Самарқанд шаҳар Хишрав-2 қўрғонидан 294 гектар, Ургут туманининг Ўрамас маҳалласидан 50 гектар ер қўшиб берилиб, “Ургут” ЭИЗнинг майдони 1 262 гектарга етказилди. Ҳозиргача ЭИЗда жойлаштириш учун қиймати 431,4 миллион долларлик 94 та инвестиция лойиҳаси қабул қилинди. 2018 йилда  “Ургут” эркин иқтисодий зонасидаги 16 та лойиҳага 59,3 миллион доллар сармоя киритилиб, 690 та иш ўрни яратилди. Йил якуни билан ишга тушган корхоналар томонидан 294 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, шундан 8,6 миллион долларлик товарлар экспорт қилинди. 2019 йилда эса корхоналар сони 25 тага кўпайиб, ишга тушган лойиҳалар 41 тага етди. Улар 784 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарди ва 30,2 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилди. 2020 йилда фаолият бошлаган корхоналар сони 55 тага етиб, ишлаб чиқариш ҳажми 1 трлн. 1,2 млрд. сўмни ташкил этди. Жорий йилнинг 5 ойида 56 та лойиҳа фойдаланишга қабул қилиниб, уларга 272,6 миллион доллар сармоя жалб этилди ва қарийб 3900 га яқин доимий иш ўрни яратилди. Улар томонидан шу даврда 704,1 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 18 миллион долларлик товарлар хориж бозорларига сотилди. ЭИЗга жойлаштирилган лойиҳаларни соҳалар кесимида таҳлил қилсак, асосий корхоналар енгил саноат, чарм-пойабзал,  электротехника, кимё саноати ва бошқа йўналишлар ҳиссасига тўғри келмоқда.

Ҳозирда қиймати 115 миллион долларлик 38 та лойиҳада қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда. Ушбу лойиҳалар ишга туширилиши натижасида 3150 дан ортиқ янги иш ўрни яратилади. Йил якунигача эса 24,6 миллион доллар сармоя киритилиб уларнинг 15 таси ишга туширилади ва 680 дан ортиқ фуқаро доимий иш ўрнига эга бўлади.

ЭИЗ дирекцияси томонидан йилнинг ўтган даврида 10 мингдан ортиқ иш ўрнига эга 505 миллион долларлик 37 та лойиҳа шакллантирилди. 30 та лойиҳа ўрганиб чиқилмоқда, 7 таси эса хулоса олиш учун экспертиза идораларига юборилди. Ҳозиргача “Ургут” эркин иқтисодий зонасига кирувчи 5 та массивда 250 хилдаги маҳсулот турлари ишлаб чиқарилмоқда.       

Президентимизнинг 2021 йил 14-15 апрель кунлари вилоятимизга ташрифи давомида берилган топшириққа асосан “Ургут” ЭИЗ учун вилоятнинг барча туманидан ер ажратиб бериш вазифаси қўйилди. Яъни, 12 та тумандан 566 гектар ер майдони ЭИЗга қўшиб бериш режалаштирилмоқда. 

 Энди туманнинг барча ҳудудидаги корхоналар ЭИЗга аъзо бўла олади

Туман ҳудудидаги экспортбоп, саноат ишлаб чиқариш имконияти бор ҳудудлар иқтисодий зона ҳудудига кириши мумкин. Яъни, туманнинг бошқа ҳудудида йирик ишлаб чиқариш корхонаси белгиланган талабларга мос келса, зонага аъзо бўлиб, берилган имтиёзлардан фойдаланади. Улар экспортбоп, импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқарса, коммуникация, алоқа билан тўлиқ таъминланади. Экспорт қилган маҳсулоти учун 15 фоиз божхона имтиёзи, четдан келтириладиган ускуналари қўшилган қиймат солиғидан озод этилади. Ер, мулк, фойда солиғидан 50 фоизгача, сув солиғидан белгиланган муддатларгача енгиллик яратилган, киритган сармоясига кўра 3 йилдан 10 йилгача солиқдан озод қилинган.

 Иқтисодий зона дирекцияси раҳбари ҳоким ўринбосарига тенглаштирилди

Бу аввало, масъулият, қолаверса имконият ҳамдир. Тадбиркорлар ва эркин иқтисодий зонани ривожлантиришга янада кенгроқ имконият яратиляпти. Биринчидан, иқтисодий зона дирекцияси директори бевосита тадбиркорлар билан ишлагани боис уларнинг дарди, муаммоси, ташвишини билади. Керак бўлса муаммоларга ечим топиш масаласида ҳам ўз фикрига эга. Яна юқорида айтганимдек, туманлардан ҳам иқтисодий зонага ер ажратиладиган бўлинса, уларни фаолияти йўлга қўйишда бевосита иштирок этиш талаб этилади. Булар, албатта, тадбиркорликни ривожлантиришга хизмат қилади.

Жамшид Ҳайдаров,

вилоят ҳокимининг саноатни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари, “Ургут” эркин иқтисодий зонаси дирекцияси директори.