Иш стажини сохталаштириш орқали нафақа расмийлаштириб бермоқчи бўлган мансабдор ушланди
Маълум бўлишича, кеча, 18 июль куни фуқаро Самарқанд вилояти ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга шу ҳақда ариза билан мурожаат қилган.
Аризага кўра, у нафақага чиқиши учун Пенсия жамғармаси Самарқанд шаҳар бўлимига бориб, ишлаган вақтини ҳисоблатган, аммо 1 йил 6 ой иш стажи етмаган. Шу ерда ўзини Пенсия жамғармаси Самарқанд шаҳар бўлими бошлиғи ўринбосари деб таништирган К.Ш. билан танишиб қолган ва бу шахс етмаган иш стажини сохталаштириш орқали тўғрилаш ва нафақа расмийлаштириб бериш эвазига 300 АҚШ доллари талаб қилган.
Мазкур аризага асосан шу куни Самарқанд вилояти ИИБ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими, ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси ва шаҳар прокуратураси ходимлари ҳамкорлигида Пенсия жамғармаси Самарқанд шаҳар бўлими биносида тезкор тадбир ўтказилган. Тадбир давомида К.Ш. ўз хизмат хонасида ариза муаллифидан 300 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати хабарига кўра, мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.