Ишлаш учун хорижга кетмоқчимисиз?

Бунинг қонуний ва асосийси, камхарж йўли ҳақида биласизми?

Кейинги пайтда «Фалончи 4 минг АҚШ доллари сарфлаб, Германияга ишга кетибди», «Пистончи ҳовлисини сотиб, Кореяга ҳужжат тўғрилабди», деган гапларни тез-тез эшитяпмиз.

Ижтимоий тармоқларда ҳам бу ҳақда кўп ўқиймиз. Савол туғилади: бу инсонлар харажатларини қачон чиқариб олишади? Улар кимга ёки нимага ишониб, ўзга юртга кетмоқда? Умуман, хорижда ишлаб, яхши даромад топишнинг хавфсиз ва камхарж йўллари йўқми?

– Шу кунларда фуқароларни Англия, Бельгия, Хорватия, Германияга ишга жўнатиш имкониятига эгамиз, - дейди Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги вилоят филиали раҳбари Лазиз Ибрагимов. – Албатта, бу давлатларга кетиш учун маълум талаблар қўйилган. Мисол учун, кўпчилик меҳнат мигрантларини қизиқтираётган Германияни олиб қарайлик. Олмон давлати ўзбекистонликлар учун 50 мингта бўш иш ўрнини таклиф қилган. Таклиф қилинаётган маош катта, бироқ номзодлар биринчи навбатда тилни билиши керак. Бу талабга жавоб берганлар ҳамширалик, юк машинаси ҳайдовчиси, меҳмонхона иши, ҳунармандчилик, қурилиш ва бошқа соҳа ҳамда касблар бўйича ишга таклиф этилади. Жараёнда агентлигимиз фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга қонуний ва муносиб меҳнат шароитлари яратилиши устидан назорат қилиш вазифаларини бажаради. Яъни, сиз хорижда ҳам давлатимиз ҳимоясида бўласиз. Агентлик томонидан кўрсатилаётган хизматлар бепуллиги, кўплаб иш берувчилар номзодларнинг транспорт ва ҳужжат тайёрлаш харажатларини ўз бўйнига олаётганини инобатга олсак, фуқаролар деярли харажат қилмайди. Агар иш берувчи билан тузилган шартномада кетиш харажатлари инобатга олинмаган бўлса, фуқарога банкдан микроқарз олишида кўмак берамиз.

Бу имкониятлардан фойдаланиш учун агентликнинг ҳудудий бўлимларига мурожаат қилиш кифоя. У ерда сиз хорижий давлатлар иш берувчилари томонидан таклиф этилаётган иш ўринлари, номзодларга қўйилган талаб ҳамда меҳнат миграциясига оид қонунчилик ҳақида маълумот олишингиз мумкин. Биргина ўтган йили агентлик филиали томонидан хорижий иш берувчилар талабидан келиб чиқиб, 5724 нафар фуқаро касб-ҳунар ва хорижий тилларга ўқитилди. 1148 нафар юртдошимиз хорижий давлатларда ташкилий тартибда ишга жойлаштирилди. Шунингдек, 278 нафар фуқарога кетиш харажатларини қоплаш мақсадида банкдан микроқарз ажратилиши таъминланди.

Биз бир муддат агентликнинг вилоят филиали иш жараёнини кузатдик. Келиб-кетувчилар оз эмас. Мутахассислар мурожаатчиларга ижтимоий ҳимоя пакети яхши бўлган иш жойларини танлашни тавсия беряпти. Яна бир фуқаро инглиз тилини оз-моз билишини, иш берувчилар билан суҳбатга қадар тайёрланиши кераклигини айтди. Мутахассис унга касбга ўқитиш марказларида тилни бепул ўрганиши мумкинлигини тушунтирди.

– Бунгача бир оғайнимга ишониб, ишлаш учун Россияга кетган эдим, - дейди ўзини таништиришни истамаган фуқаролардан бири. – Боргач, анча вақт ишсиз юриб, қарзга ботдим. Кейин шу қарзларимни тўлаш учун қурилиш объектларида оғир ишларни бажаришимга тўғри келди. Хуллас, икки йил умрим зое кетди. Бу ерда оилам ҳам қийналди. Энди Германияга кетмоқчиман. Фақат бу сафар барчасини қонуний қиламан.

Хорижда ишлаш истагини билдирган, бироқ чет тилини билмайдиган ва қўлида касби йўқ фуқароларнинг асосий қисми Самарқанд шаҳридаги «Ишга марҳамат» мономарказига келади. Бу ерда 26 йўналишда ўқув курслари ташкил этилган. Асосийси, ҳар бир курс дастурига қўшимча сифатида хорижий тиллар ҳам ўргатилади.

– Ҳозир бизда инглиз, корейс, япон, рус ва немис тиллари ўқитилмоқда, - дейди марказ директори Дилшод Пардаев. – Бу қайси давлатдан иш квоталари кўп бўлишига қараб ўзгариб боради. Кейинги вақтда араб давлатларида ишлаш истагини билдираётларган кўпайди. Шу боис яқин орада араб тили бўйича ҳам машғулотларни йўлга қўймоқчимиз. Марказимиз томонидан бериладиган сертификат қатор давлатларда қабул қилинади, бошқа ҳолатларда иш берувчилар ходимини қўшимча ўқитиши мумкин. Бунда шахснинг керакли малака ва билимга эга бўлиб бориши асосий аҳамият касб этади.

Маълумотга кўра, ҳозирги вақтда хорижий иш берувчилар ўртасида энг талабгир соҳа пайвандчилик экан. Буни инобатга олиб, марказда мазкур касбни ўрганаётганларга иккита хорижий тил ўргатилмоқда. Шунингдек, хорижга чиқмоқчи бўлганлар учун миграцияга кўниктириш хонаси бор. Унда тегишли давлатлар қонунчилиги, халқининг маданияти, урф-одатлари ҳақида тушунча берилади.

– Бундан олдин ҳам танловдан ўтиб, Корея Республикасида 5 йилга яқин ишлаб келганман, - дейди каттақўрғонлик Жамшид Розиқов. – Яна кетмоқчиман. Ҳозир мономарказда корейс тили бўйича билимимни мустаҳкамлаяпман. Мусофирликда ноқонуний йўллар билан ишга келган, корейс тилини билмайдиган юртдошларимизни кўп кўрдим. Улар оғир меҳнат шароитларида, кам маош олиб ишламоқда. Ҳар бир куни таҳлика билан ўтади. Шундай экан, давлатимиз томонидан яратилган имкониятлардан унумли фойдаланишимиз керак.

Мономарказда ўқиб, касб ва тилни ўрганган фуқаролар шу ерда ҳам ишли бўлиб, яхши даромад қилишмоқда. Бунда уларга марказнинг ҳар бир курси доирасида ўтиладиган тадбиркорлик асослари бўйича машғулотлар кўмак беряпти. Маълумотга кўра, ўтган йилларда марказни битирганларнинг 85 фоизи иш билан таъминланган.

Асқар Баротов.