Ишни судга қадар юритишда ягона тергов ахборот тизими жорий этилади
“Ишни судга қадар юритишда ягона идоралараро электрон ҳамкорлик тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, суриштирув ва дастлабки тергов органлари фаолиятини рақамлаштириш ҳамда ишни судга қадар юритиш масалалари бўйича “Электрон суриштирув ва дастлабки тергов” ягона ахборот тизими (Ягона тергов ахборот тизими) жорий этилади.
Ягона тергов ахборот тизими орқали ишни судга қадар юритиш масалаларида электрон ҳужжат алмашиш қуйидагилар томонидан амалга оширилади:
- Ички ишлар вазирлиги;
- Бош прокуратура;
- Давлат хавфсизлик хизмати;
- Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Мажбурий ижро бюроси;
- Давлат божхона қўмитаси;
- Миллий гвардиянинг суриштирув ва тергов органлари.
Ягона тергов ахборот тизимининг бошқа ахборот тизимлари билан интеграциялашуви, унинг узлуксиз ишлаши, ахборот хавфсизлиги таъминланиши учун Бош прокуратура масъул ҳисобланади.