Ишонч, руҳий тетиклик фалажлигимни даволади
...Бошимга тушган оғир кулфат туфайли қайғуравериб, инсультга чалиниб, фалажланиб қолдим. Ўн йил давомида бу дарддан қутула олмадим. Оёқ-қўлларим ҳиссиз, деярли ҳаракатланмасди. Бу даврда кўрган азоб ва оғриқларимнинг чеки йўқ. Замонавий тиббиётдан наф топавермагач, табобатга умид боғладим. Дардимга даво излаб, Ибн Синонинг тиббиётга оид асарларини ўқий бошладим. Ҳакимнинг беморларга айтган "Ўзинг кучли бўл! Сен албатта, бу дардни енгасан. Сен ҳаммадан кўра ёлғиз Худога ва ўз кучингга ишониб яша. Қолган ҳаммаси бекор", деган гаплари менга руҳий тетиклик бағишлади.
Ибн Синони ўқиб, шуни англадимки, мен каби фавқулодий фалажликка чалинган бемор ўта ҳаракатчан бўлишга интилсагина бу дардни енгиб ўтиши мумкин экан. Китоб мени шунга ишонтирди ва аста-секин дард билан курашишни, гарчи бу жуда оғир бўлса-да, ҳаракатчан бўлишга интилишни ўргатди. Фалажлик васвасаларидан чалғитиб, руҳимга ишонч бағишлади. Бу ишонч деган илоҳий қудрат мени дарддан фориғ қилди. Ва мен инсон соғлом бўлиши учун аввало, ўзи билан ўзи курашиши, ортга чекинмаслиги кераклигини англадим.
Ҳақиқатан ҳам ишонч – касалликка қарши энг кучли малҳам, беморнинг буюк табиби.