“Ишонч телефони”га йўлланаётган мурожаатларнинг аксарияти дарахт кесилиши билан боғлиқ

Жорий йилнинг ўтган даврида Самарқанд вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг “Ишонч телефон”ига жисмоний шахслар томонидан 107 та мурожаат келиб тушган.

Таҳлилларга кўра, “Ишонч телефон”ига келиб тушаётган мурожаатларнинг аксарияти дарахтларнинг кесилиши билан боғлиқ. Масалан, ўтган даврда 31 марта айни шу масалада мурожаатлар бўлди.

Ушбу мурожаатлар аввало, фуқароларимизнинг атрофдаги воқеликларга бефарқ эмасликларини кўрсатади. Негаки, дарахтлар кесилишидан ташқари, 22 нафар фуқаро чиқиндилар билан боғлиқ муаммолар, 28 нафар фуқаро ноқонуний тош қазиб олиш ҳолатлари ва 22 нафари бошқа масалалар бўйича мурожаат қилган.

Юқорида қайд этилган мурожаатларнинг асосий қисми қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан бўлганлиги сабабли бошқарма мутахассислари ҳар бир масалани жойига бориб ўрганиб, қонунбузарларга нисбатан белгиланган тартибда маъмурий чоралар кўрмоқда. Шунингдек, зарур тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилаётир.

Эслатиб ўтамиз, атроф-муҳит ёки чиқиндилар, умуман, экология билан боғлиқ муаммо ва масалалар бўлса, “Ишонч телефони”га қўнғироқ қилинг! Сизнинг ҳар бир мурожаатингиз алоҳида эътиборга олиниб, кўриб чиқилади.

Самарқанд вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ахборот хизмати.