Иштихонда “Зарафшон сифат текстил” МЧЖ иш бошлади, 420 нафар хотин-қизлар иш билан таъминланди

Бугун Иштихон туманида “Зарафшон сифат текстил” енгил саноат корхонасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда туман ҳокими Ш.Негматов иштирок этди ва туман ижтимоий-иқтисодий ҳаёти учун муҳим воқеа билан барчани қутлади, деб хабар бермоқда “Иштихон овози”.

-  Бугун туманимизда янги бир саноат корхонаси иш бошлади. “Зарафшон сифат текстил” корхонасининг очилиши муносабати билан туманимизда истиқомат қилаётган 420 нафар опа-сингилларимиз, қизларимиз доимий иш ўрнига эга бўлишди. Айтиш жоизки, бу кунга алоҳида тайёргарлик кўрилди. Ушбу корхонанинг иш бошлаши муносабати билан кўплаб хотин-қизларимиз бир неча ой давомида Самарқанд шаҳрида алоҳида ўқув амалиётидан ўтдилар. Бу жараёнда улар енгил саноатда ишлаш сир-асрорларини қунт билан ўрганишди, амалий машғулотлар ёрдамида ўз маҳоратларини оширдилар. Ана шу даврда ҳам уларга белгиланган миқдорда ойлик маошлар бериб борилди, касб-сирлари тўла ўргатилди.

Энг қувонарли жиҳати, фабрикада ишлаб чиқариладиган тайёр трикотаж маҳсулотларининг асосий қисми хорижий давлатларга экспортга йўналтирилади, - дейди корхона директори Самариддин Шаропов.