Иситиш мавсуми бошланди, штаблар туну кун ишлаши керак

Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов вилоят ҳудудида ижтимоий соҳа объектлари ҳамда турар-жой биноларини иситиш мавсуми 2022 йилнинг 24 октябрь кунидан бошланиши тўғрисида фармойиш қабул қилди.

Фармойишда шаҳар ва туманлар ҳокимликлари, вилоят ижтимоий соҳа ташкилотлари ва коммунал соҳа корхоналарида 2022 йил 24 октябрдан бошлаб кечаю-кундуз ишловчи штабларни ташкил қилиш вазифаси белгиланди.

Коммунал соҳа корхоналари ва маҳаллий ҳокимликларга ижтимоий соҳа объектларига ва аҳоли яшаш уй-жойларига, “Иссиқлик манбаи” давлат унитар корхонаси тизимидаги иситиш қозонхоналарига узлуксиз ҳамда бир меъёрда табиий газ, электр энергияси қуввати етказиб берилишини таъминлаш, табиий газ етиб бормайдиган аҳоли пунктларини суюлтирилган газ билан таъминлаш вазифалари юклатилди.

2022 йил 1 ноябрга қадар ижтимоий соҳа муассасаларига, 1 декабрга қадар вилоят аҳолисига ажратилган кўмир маҳсулотларини тўлиқ етказиб бериш белгиланди.