Испания Буркина-Фасода журналистларнинг ўлдирилишидан ларзага тушди

Репортер Давид Бериайн ва оператор Роберто Фраиле, шунингдек, улар билан бирга саёҳат қилаётган ирландиялик журналист ушбу Африка мамлакатида бир гуруҳ қуролланган кишилар томонидан ўлдирилганлиги маълум бўлди.

Телевизион гуруҳ Буркина-Фасода браконерликка қарши кураш ҳақида ҳужжатли фильм суратга олаётганда Гурма областида ўғирлаб кетилган. ОАВ ходимларига ҳамроҳлик қилаётган ҳарбий хизматчининг тақдири номаълум.

Испания Бош вазири Педро Санчес испан журналистлари вафот этганини тасдиқлади. Санчес Бериайн ва Фраиле оиласи ҳамда яқинларига ҳамдардлик билдирди.

Бериайн ва Фраиле хавфли ҳудудларда ишлаш тажрибасига эга эди. Буркина-Фасода улар экологик фаоллар ва ҳарбийлар билан ҳарбий транспортда саёҳат қилган. Гуруҳга мамлакат шарқида, Бенин билан чегара яқинида жойлашган Пама қўриқхонаси ҳудудида автомашина ва мотоциклларда қуролланган одамлар отряди ҳужум қилган.

"Бу хавфли ҳудуд, чунки одатда бу ерда террорист гуруҳлар, браконьерлар, қароқчи ва жиҳодчилар фаолият юритади", деди Испания ташқи ишлар вазири Аранча Гонсалес Лая.

Буркина-Фасо ҳукумати ҳужум ортида террорчилар турганига ишонмоқда. Ҳукумат тафсилотларни келтирмаяпти. Аввалроқ Ал-Қоида билан боғлиқ жиҳодчи гуруҳ журналистларнинг ўлими учун жавобгарликни ўз зиммасига олгани ҳақида маълум бўлди. Маълумотлар текширилмоқда.