Исроилда 19 сентябрдан оммавий карантин жорий этилади

Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху мамлакат бўйлаб уч ҳафталик оммавий карантин жорий этилиши тўғрисида маълум қилди.

Локдаун (қатъий карантин) 19 сентябрь санасидан эътиборан амал қилишни бошлайди.

“Бугун ҳукумат йиғилишида яна ўзайтириш эҳтимоли билан яқин уч ҳафта давомида, Симхат Тора байрамига қадар (9–10 октябрь) карантинга ёпилиш қарорини қабул қилдик”, деди Нетаньяху.

10 сентябрь куни Исроилнинг Коронавирусга қарши кураш олиб бориш комиссияси 18 сентябрьдан бошланадиган умумхалқ байрамлари вақтида умумий локдаун жорий этиш таклифини киритган эди.

Таклифга биноан зарурий ишлаб чиқариш фаолиятидан ташқари барча соҳа фаолияти тўхтатилади. Жумладан, фуқаролар ҳаракатланиши чекланади, таълим муассасалари, ресторан, кафе, идора ва офислар ёпилади.

Исроилда сўнгги бир неча кун давомида COVID-19 инфекцияси билан касалланганлар сони ошиб бормоқда. Мамлакатда май ойида касалланиш кўрсаткичи минимал даражага тушган эди. Бироқ ёз ойларида вазият яна жиддий тус олди. Айни вақтда Исроилда коронавируснинг иккинчи тўлқини авж олган.