Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Исроилда ҳамширалар иш ташлади

Исроилда ҳамширалар иш ҳақини кўтариш бўйича Молия вазирлиги билан олиб борилган музокаралар муваффақиятсизлик билан якунланганидан сўнг иш ташлашни бошлади. Бу ҳақда Исроилнинг 13 телеканали хабар берди.

“Ҳамширалар касаба уюшмаси бугун эрталаб Молия вазирлиги билан тунда олиб борилган музокаралар муваффақиятсизлик билан якунланганини ва душанба куни эрталабдан иш ташлаш бошланишини эълон қилди. Унга кўра, иш куни дам олиш куни режимида ўтказилади. Фақатгина коронавирус инфекцияси билан касалланган беморлар даволанаётган касалхоналар иш вақтини ўзгартирмасдан давом эттиради”, деб хабар берди телеканал.

Ҳамширалар касаба уюшмаси коронавирус пандемияси муносабати билан касалхоналардаги иш ҳажми ошганлиги сабабли тиббий ходимларнинг ойликларини ва меҳнат шароитларини яхшилашни талаб қилди.

Иш ташлаш оқибатида бир қатор жарроҳлик амалиётлари бекор қилинди, таҳлил олиш жараёнлари тўхтатилди, вакцинация клиникалари ёпилди. Шунга қарамасдан, тез тиббий ёрдам хизмати иш фаолиятини давом эттирмоқда.