Исроилда муддатидан олдин парламент сайловлари бўлиб ўтмоқда
Бугун бўлаётган сайловнинг асосий мазмуни - коррупцияда айбланган амалдаги бош вазир Биньямин Нетаньяху ҳукуматда қолиш ёки қолмаслиги. Сайлов олдидан ўтказилган сўнгги сўровномалар иккита асосий блок ўртасида кескин курашни башорат қилмоқда: бири Нетаньяхуни қўллаб-қувватласа, бошқаси - марказчи Яир Лапид бошчилигидаги унга қаршиларни.
Агар сайловларда Нетаньяхунинг "Ликуд" партияси ғалаба қозонса, унга Кнессетда кўпчилик овозни олиш учун иттифоқчилар керак бўлади.
"Сўнгги икки йил ичида биринчи марта Исроилда бўлиб ўтган сайловларда анъанавий ўнг партиялар Нетаньяхуга қарши кампания олиб боришди. Ўтган сайловлардан фарқ ҳам ана шунда. Шунинг учун мабодо Нетаньяхуга коалиция яратишга тўғри келса, бу ультра ўнг партиялар билан иш тутишга тўғри келишини англатади. Фақат уларгина уни қўллаб-қувватлашга тайёр бўлишади", дейди Иброний университети сиёсий фанлар кафедраси катта ўқитувчиси Гайил Талшир.
Маълумки, Исроилда катта ёшдагиларнинг 70 фоизидан ортиғи аллақачон коронавирусга қарши эмланди. Юқтириш сони камаймоқда. Бош вазир креслосида қолишга умид қилган Нетаньяху айнан аҳолини эмлаш бўйича муваффақиятли кампанияга таянмоқда.
Ўтган шанба куни эса Нетаньяху мухолифлари унинг ишидан норозилигини билдиришди. Бош вазир мухолифлари пандемия пайтида 6 мингдан ортиқ исроилликлар COVID-19 дан вафот этганлигини, иқтисодиёт эса қайта-қайта локдаунлардан катта зарар кўрганини таъкидлашди.
Пандемия овоз бериш жараёнига ҳам тузатишлар киритди. Карантинда сайловчилар ўз бурчини поликлиника, чодир ёки автобусларда ташкил этилган алоҳида участкаларда бажариши мумкин.
Таҳлилчилар эса Исроил овоз бериш натижаларини сарҳисоб қилгандан сўнг, узоқ вақт давомида коалиция музокараларига ёки қисқа вақт ичида мисли кўрилмаган бешинчи сайловларга дуч келишига амин.
Г.Холдорова тайёрлади.