Иссиқлик тизими:  Шериклик ўзини оқлаяптими?

Икки йилдан буён куз-қиш мавсумида ижтимоий соҳа объектлари давлат-хусусий шериклик шартлари асосида тадбиркорлик субъектлари томонидан иситилмоқда.

Бугунги кунда Иштихон туманидаги тиббиёт муассасалари ҳам табиий газ тармоқларидан узилиб давлат-хусусий шериклик асосида, муқобил иситиш манбалари орқали иситиш тизимига ўтган.

- Биноларимизни иситиш бўйича “Иштихон бунёдкори” МЧЖ билан шартнома тузганмиз, - дейди туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Азиз Худойбердиев. – Ҳозирда марказий, Митан шаҳарча шифохонаси ва кўп тармоқли марказий поликлиникадан бошқа барча муассасаларимизда кўмирхоналар қурилиб, 270 тонна кўмир ва ўтин захираси яратилган. Бироқ иситиш тармоқларини синовдан ўтказишда анча қийинчиликларга дуч келдик. 30 га яқин даволаш-профилактика муассасамиздаги талабга жавоб бермайдиган эски иситиш батареяси ва печлар ўрнида замонавий иситиш тизимлари ўрнатилди.

Ўтган йили "Қўнғирот" шифокорлик хизмати уйи оилавий шифокорлик поликлиникасига айлантирилган эди. Эски бино бузилиб, ўрнида 8 мингдан зиёд аҳолига тиббий хизмат кўрсатувчи замонавий поликлиника қурилган бўлса-да, ҳанузгача поликлиника мақоми берилмаган. Ҳудуддаги 10 та қишлоқ аҳолисига тиббий хизмат кўрсатувчи тез ёрдам шохобчаси йўқ.

Муассаса хоналари совуқ, кўмир билан ёқиладиган печлар иссиғи меъёрдан анча паст. Шифокор ва ҳамширалар қалин кийиниб олган. Сувни иситиб берувчи ускуналар ҳам ишламайди. Тадбиркор кўмирхона қуриб бермаганлиги сабабли олиб келинган кўмир қопларда ҳовлида очиқ ҳолда сақланмоқда.

- Ҳозиргача тадбиркор томонидан 5 тонна кўмир етказиб берилди, - дейди муассаса ўт ёқувчиси Ширин Эсонов. – Аммо печлар яхши ўрнатмаганлиги учун хоналарни иситиш муаммо бўляпти. Кўмирхонамиз йўқлиги туфайли келтирилган кўмирни ҳовлида сақлашга мажбурмиз.

Муассаса туман кўп тармоқли марказий поликлиникасининг филиали деб аталса-да, аслида расмий ҳужжатларда кўрсатилмаган. Тепасидан интернет тармоғи ўтган бўлса ҳам бинога тармоқ тортилмаган. Бино томида 3,5 кВтли қуёш батареяси ўрнатилган, лекин ишламайди. Шифокорлик пункти атрофи девор билан ўралмаган.

"Азамат" оилавий шифокорлик пунктининг 3 нафар врач ва 37 нафар кичик тиббий ходими ҳудуддаги Бойлата, Оқтепа, Нуробод, Деҳқонобод, Калохоса қишлоқларининг 12 мингдан зиёд аҳолисига хизмат қилади. Оилавий шифокорлик пункти кўмир ва ўтин билан иситишга мўлжалланган. Лекин хоналар етарли даражада иситилмаган.

- 2024 йилда пунктимизнинг иситиш тизими янгиланиб, кўмир ва ўтин ёқишга мўлжалланган печь ўрнатилган эди,- дейди муассаса ходими Гулноза Шовқиева. – Лекин яхши ишламагани учун совуқ кунларда хоналарда ўтириб ишлаб бўлмай қолади. Мажбурликдан электр печь олиб келиб ишлатамиз.

Тадбиркор томонидан ёқиш учун 3 тонна кўмир етказиб берилган. Бироқ айни вақтда кўмирхонада озгина ўтин ва 13 қоп кўмир қолган, холос.

- Кунига 120-140 килограмгача кўмир ёқамиз, - дейди оилавий шифокорлик пункти ўт ёқувчиси Ҳусан Эрдонов. – Аммо кўмир сифатсиз. Тупроқдек бўлиб, печда умуман ёнмайди. Натижада печнинг иссиқлиги 50-60 даражадан ошмаяпти, бу эса хоналарни иситмайди. Иситиш тизими носоз, иссиқ сувни ҳайдовчи насос ўрнатилмаганлиги сабабли 16 та хонанинг 2-3 тасигина исийди.

Тиббиёт муассасасида марказлашган тоза ичимлик суви йўқ, сув насоси ишламайди. Сув иситувчи ускуналар ўрнатилмаган.

- Икки йилдан буён тумандаги барча тиббиёт муассасаларининг иситиш тизимлари билан таъминлаш вазифасини ўз зиммамизга олганмиз, - дейди “Иштихон бунёдкори” МЧЖ иш бошқарувчиси Зариф Умиров. – Мавсум аввалида “Кўмир таъминот” МЧЖ Каттақўрғон филиалидан олиб келинган 270 тонна кўмирнинг 120 тоннасини барча муассасаларга тарқатиб чиқдик. Қолгани омборхоналарда сақланмоқда. Қайси муассасада кўмир тугаган бўлса, зудлик билан етказиб берамиз.

Тадбиркор кўмир етмай қолса, етказиб беришни ўз зиммасига олган. Бироқ кўмир етказиб берилгани билан печлар носоз бўлса, хоналар иситилмаса, бундай шерикликдан аҳолига нима наф?

Дилмурод ТЎХТАЕВ.