Иссиқхонадаги ўсимлик зараркунандаларига қарши қандай курашилади?
Вилоят ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан иссиқхоналарда помидор етиштиришдаги муаммоларга бағишланган семинар ўтказилди.
"Syngenta Agro Services AG" компаниясининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамда “AGRO CENTRAL” агрохизматлар маркази мутахассислари билан ҳамкорликда иссиқхоналар эгалари, экспортёр корхоналар вакиллари иштирокида ўтказилган семинарда иссиқхоналарда етиштириладиган помидор навлари ва уларда учрайдиган касаллик ва зарарли ҳашаротларга қарши кураш тадбирларига тўхталинди.
- Помидор етиштиришда, аввало, иссиқхона майдонини кимёвий воситалар билан фумигация қилиш шарт, - дейди ўсимликлар карантини вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи ўринбосари Аҳрор Бобоқулов. - Бу ўз навбатида зарарли ҳашаротларнинг уруғлари, личинкалари ва капалакларни йўқ қилади ҳамда баъзи экин касалликларига қаттиқ таъсир кўрсатади. Экиладиган экин майдонларидан тупроқ намуналари олиниб, тегишли лабораторияларда таҳлил қилиниши керак. Бунда экин экиладиган ер майдонидаги ўғитлар нормаси билан тўйинтиралади, экиладиган уруғ нави танланади. Бунда иссиқхона шароитидан келиб чиқиб, касалликларга чидамли юқори ҳосилдорликка мос навлар танланиб экилади. Мисол учун, “Дантино А F1”, “Коммадо”, “Мамстом F1”, “Торри”, “Дафнис” ва ҳоказо навлар иқлим шароитимизга мос келади.
Семинарда иссиқхоналарда етиштириладиган помидор, бодринг, булғор қалампири экинларининг навлари, агротехникаси ва карантин касалликлари, зараркунанда ҳашаротлар, уларга қарши кураш методикаси атрофлича тушунтирилди. Семинар қатнашчиларининг саволларига атрофлича жавоблар берилди.
Ўсимликлар карантини агентлиги вилоят ҳудудий бошқармаси.