Истеъмолга яроқсиз 400 килограмм гўшт маҳсулотлари аниқланди
Жорий йилнинг 1 июль санасида Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани ҳудудида жойлашган “Умакай” мунтазам ЙПХ масканида хизмат олиб борган вилоят ИИБ ЙҲХБ ходимлари томонидан шу куни соат 23:30 ларда, “Қарши-Самарқанд” йўналишида ҳаракатланиб келган, ҳайдовчи Э.Э. бошқарувида бўлган "Нексия-1" русумли транспорт воситаси тўхтатилиб текширилганда, автомобилнинг салони ва юкхонасидан ветеринария маълумотномаларисиз гўшт маҳсулотлари олиб кетилаётганлиги аниқланган.
Гўшт маҳсулотларидан Қашқадарё вилояти ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат маркази микробиология ва ветеринария-санитария экспертиза лабораторияси томонидан намуналар олиниб текширилди.
Шаҳар экспертиза лабораториясининг 2020 йил 2 июль кунидаги хулосасига асосан, жами 400 килограмм оғирликдаги қора мол гўшти истеъмолга яроқсиз деб топилиб, тегишлилигича чоралар кўрилган, деб хабар берди Ички ишлар вазирлигининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси матбуот хизмати.