IT марказлар ёшларга нимани ўргатади?

Ёшларни замонавий илм-фанга қизиқтириш, уларни IT соҳасига йўналтириш мақсадида 2021 йилда Пайариқ туманида IT маркази очилган.
Марказга учта хона ажратилган бўлиб, бирида 5-10 ёшли болалар учун ментал арифметика ўргатилса, қолган икки хонада ёшларга дастурлаш, дизайн, графика каби йўналишларда дарслар олиб борилади.
- Марказга асосан мактаб ёшидаги болалар кўпроқ келади, - дейди марказ менежери Мақсуд Мамиров. – Улар уч ойдан олти ойгача ўқитилади. Дастлаб ўқувчиларга компьютер саводхонлиги ўргатилади, сўнгра веб дастурлаш, мобил иловалар яратиш, веб дизайн, график дизайн каби йўналишларда дарслар олиб борилади. Дарсларимиз учун болаларнинг ёшига қараб 300 минг сўмдан 250 минг сўмгача тўлов белгиланган. Айни кунда юздан ортиқ бола марказимизга қатнайди. Дарсларимиз эрталаб соат 08:00 дан соат 17:00 гача давом этади. Улар ҳафтада уч кун икки соатдан келади. Ўқувчиларнинг ичида ўнга яқин кам таъминланган оила фарзандлари бўлиб, уларни бепул ўқитамиз.
Марказни тамомлаганлар IT соҳасида мустақил даромад топа бошлайди. Ҳозир ёзги мавсумда ўқувчилар бироз камайган. Янги ўқув йили бошланиши билан IT марказимизга қатновчилар кўпайиб кетади. Баъзилар биз ўргатаётган дарсларни интернетдан онлайн олишни истайди. Айримлар ойлик 300 минг сўмдан қочиб, ўша дарсларни интернетдан сотиб олмоқчи бўлади. Аммо улар биз ўтадиган дарсларни интернетдан 3 миллион сўмга ҳам сотиб ололмайди. Сотиб олганларига ҳам дарсларни тушунтириб берадиган ўқитувчи керак. Ўзлари мустақил ўзлаштириб кетолмайди. Марказ ёшларга IT соҳасида илк билим ва кўникмаларни беради.
- Мен IT марказида болаларга ментал арифметикадан дарс бераман, - дейди ўқитувчи Ирода Темирова. – Болалар ҳафтада уч кун икки соатдан ментал арифметикани ўрганади. Уларнинг ёшига қараб 100-130 минг сўм атрофида тўлов пули олинади. Математикага қизиқувчи болалар ментал арифметикани қисқа муддатда тез ўзлаштириб олади.
Ментал арифметика тўгарагига қатновчи болаларга қўшиш ва айиришдан бироз савол-жавоб қилдик. Улар ҳақиқатан ҳам сонларни тезлик билан ҳисоблаяпти. Баъзилари ҳали мактаб ёшига ҳам етмаган болалар бўлиб, ҳисоб-китобни яхши ўзлаштириб олибди.
Дарҳақиқат, IT марказига йигирмата компьютер берилган бўлиб, ёшлар ўзларига топширилган вазифаларни бажаришяпти. Кимдир дизайнлик билан шуғулланяпти, кимдир компьютер дастурларини ўрганаяпти. Уларнинг айримларини суҳбатга тортдик.
- IT марказига шу йилнинг март ойидан бошлаб келяпман, - дейди тумандаги 24-умумий ўрта таълим мактабининг 6-синф ўқувчиси Беҳруз Шакарбоев. – Шу кунгача компьютер саводхонлигини ўрганиб бўлдим, энди дизайнликни ўрганяпман. Ҳозир футболкага логотип ясаяпман. Катта бўлсам дастурчи бўлмоқчиман.
- Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида реставрация йўналишида ўқийман, - дейди 4-босқич талабаси Динора Ҳусанова. – Ёзги таътилда замонавий дизайн соҳасини ўрганиш мақсадида ушбу марказга келяпман. Бўш вақтимдан самарали фойдаланиш ва ўз касбимни янада чуқурроқ ўрганишга ҳаракат қиляпман.
- Ҳозир дизайн соҳасига талаб ортиб кетди, - дейди М.Мамиров. – Масалан, янги очилган ресторан, кафе ёки ошхоналар биздан дизайн тайёрлаб беришимизни сўрайди. Одамлар ўз хонадонини таъмирлаш учун ҳам дизайн сўрашяпти. Мен уларга марказда таълим олиб кетган ва мустақил иш бошлаган шогирдларимни тавсия этаман. Уларнинг кўпчилиги олий таълим муассасаларида таҳсил оляпти. Ўқувчиларим дастурлашга ўтганидан кейин ўзлари билан ноутбук олиб келади, чунки бу ерда ўтилган икки соатлик дарс уйига борганидан кейин такрорланмаса, ёдидан кўтарилиб кетади.
IT марказига нафақат замонавий билимларни ўрганишга, балки компьютер саводхонлигини ўзлаштириш учун катта ёшдаги талабгорлар ҳам келишар экан.
- Биздан компьютерни ўрганиш талаб этиляпти, - дейди Пайариқ туманидаги тиббиёт бирлашмасига қарашли 1-сон туғруқ бирлашмаси ҳамшираси Нафиса Султонова. – Ҳозир ҳамма ҳужжатлар электрон шаклга ўтиб кетди. Ҳатто касаллик варақалари ҳам компьютерда ёзиляпти. Шунинг учун мен ҳамкасбим билан ушбу марказга компьютер дастурларини ўрганиш учун келдим.
Бугун туманларда очилган бундай IT марказларнинг бино ижара пули ва wi-fi интернет тўлови давлат томонидан тўлаб берилади. Мақсад чекка ҳудудларда ҳам ёшларнинг замонавий касб ўрганишга бўлган билим ва кўникмаларини оширишдир. Бундай имкониятдан ким қандай фойдаланиб қолиши ёшларнинг ўзига боғлиқ.
Хуршида ЭРНАЗАРОВА.