IT Village - IT соҳаси, дастурлаш ишига қизиқувчи ўқувчилар учун замонавий илм маскани
2022 йил октябрь ойида «Ягона интегратор – UZINFOCOM» маркази билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган лойиҳа асосида Нуробод туманидаги Оқсой қишлоғида IT Village мажмуаси ташкил этилган эди. Бугун ушбу мажмуа бўйлаб пресс-тур ташкил этилди.
- Гўзал манзарали ва тоза ҳавога эга тоғ ёнбағирларида жойлашган ушбу IT қишлоғи республиканинг чекка ҳудудларида IT инфратузилмасини ташкил этиш, яқин ҳудудлардаги болаларни илғор IT-технологияларига қизиқтириш ва ўқитиш имконини беради, - дейди IT Village лойиҳаси менежери Бобур Саъдуллаев. – Бу болалар учун бепул таълим берувчи йирик ижтимоий лойиҳалардан биридир. Шу боис бу ерга мактаб ёшигача бўлганлар ҳам, ўқувчилар ҳам келиб, бемалол мажмуадаги мавжуд дастурлаш тилларини ўрганишлари мумкин.
Пресс-тур давомида оммавий ахборот воситалари ходимлари мажмуада IT оламига қизиқувчи ўқувчилар ҳамда ўқитувчилар учун яратилган шароитлар билан танишди. Мажмуада 3 та ўқув хонаси, 8 ўринли тураржой, 15 кишилик конференц-зал, тиббиёт пункти, эко-кинотеатр мавжуд. Таъкидланишича, IT Village мажмуаси шу йилнинг 1 июнидан бошлаб ўз ўқув йилини бошлайди. Мақсад – ўқувчиларнинг таътилдаги бўш вақтини самарали ўтказиш. Бепул курслар ва бепул автобус қатнови йўлга қўйилади. IT технологиялари, дастурлаш, веб-дизайн, робототехникалар бўйича курслар ташкил этилади.
Журналистлар пресс-тур давомида хорижда 25 йил давомида тажриба орттирган, IT оламида машҳур ва тажрибали мутахассис Шавкат Каримов иштирокида ўқувчилар билан соҳага оид давра суҳбати ва мастер-классни кузатишди. Шунингдек, “Uz domen” маъмуриятининг илғор тадқиқот лойиҳаларини ишлаб чиқиш хизмати дастурчиси Манучеҳр Усмонов бу борада қимматли фикрларини билдирди.
Жасур ШУКУРОВ.