Оқдарёликлар бу йил қишда электрсиз қолмайдими?

“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Самарқанд ҳудудий филиали томонидан Оқдарё тумани электр таъминоти тизимини куз-қиш мавсумига тайёрлаш бўйича амалга оширилган ишларни ўрганиш мақсадида ташкил этилган пресс-турда бош савол шундай бўлди.

— Бунинг учун имкониятимиз даражасида барча чораларни кўрдик, - дейди туман электр таъминоти корхонаси раҳбари Шавкат Хўжанов. – Хусусан, жорий куз-қиш мавсумига ҳозирлик кўриш бўйича белгиланган барча тадбирлар ниҳоясига етказилди. Жараёнда 172 та трансформатор пункти жорий ва мукаммал таъмирланиб, 344 километр электр узатиш симлари тортилди. Режадан ташқари, 5 та манзилга янги трансформатор пунктлари ўрнатилди ҳамда 10 километр тармоқ тортилди. Тизимдаги авария ҳолатларини тезкор бартараф этиш учун 4 та навбатчи бригада ҳамда 2 та кундузги бригада ташкил этилган. Шуни аниқ айтишим мумкинки, жорий йилги куз-қиш мавсумига ҳар доимгидан ҳам яхшироқ тайёргарлик кўрилди. Вилоят ҳокимлиги томонидан барча зарур техника ва воситалар берилган. Насиб бўлса, халқимиз олдида юзимиз ёруғ бўлади.

Журналистлар дастлаб Лойиш шаҳарчасидаги "Лойиш" нимстанцияси фаолияти билан таништирилди. Маълумотга кўра, жорий йил ундаги иккита 16 минг кWлик трансформатордан бири 25 минг кWлигига алмаштирилган. Натижада эстеъмолчиларга етказиб берилаётган электр энергияси кучланиши яхшиланган.

— Уйимиздаги чироқларни ёқсак, шамчироқ каби заиф ёнарди, - дейди Зарафшон маҳалласида истиқомат қилувчи Холбуви ая. – Ҳозир бинойидек ёняпти. Ўчишлар камайган. Илгари “ток” камлиги учун ишламаган қурилмаларимиз ҳам ишлаб кетди.

Мавсумолди тадбирлари режасига мувофиқ, мазкур маҳалладаги 100 та хонадонни электр энергияси билан таъминлаб келаётган трансформатор ҳам мукаммал таъмирланиб, 2 километр электр узатиш симлари дарахт шохларидан тозаланибди.

Яна бир манзил - туманнинг Авазали маҳалласида 70 та хўжалик учун янги трансформатор пункти қурилган. Шунингдек, ҳудудда 40 та темир-бетон устун ўрнатилиб, 1600 метр электр узатиш кабели тортилган. Аҳоли билан мулоқотимизда улар реконструкция ишларидан сўнг электр энергияси таъминоти ҳамда сифати яхшиланганлигини таъкидлашди.

Пресс-тур доирасида туманнинг энг олис ҳудуди ҳисобланган Янгиқўрғон маҳалласидаги Бойбўта қишлоғида ҳам бўлдик. Ҳудуд масъули Шерзод Примовга кўра, қишлоққа 152 та темир-бетон устун олиб келиниб, ҳозиргача 85 таси ўрнатилган ҳамда 3 километр электр узатиш кабели тортилган. Журналистлар унда бевосита 160 кWлик янги трансформатор ва темир-бетон устунларнинг ўрнатилиши жараёнини кузатиб, ўзларини қизиқтирган бошқа саволларга ҳам жавоб олишди.

Асқар Баротов.