Пайариқда олти ойда 349  ҳолатда вирусли гепатит "А" касаллиги аниқланган

Пайариқ туманида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олиш ҳамда санитария назорати бўйича қандай ишлар амалга оширилмоқда?

Вилоят санитария-эпидемиологик оcойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси томонидан журналист ва ОАВ вакиллари мазкур туманга  уюштирилган пресс-турда шу каби саволларга жавоб изланди.

Туманда 2 та шифохона, 1 та юқумли касалликлар бўлими, 2 та поликлиника, 2 та оилавий поликлиника ва 26 та оилавий шифокорлик пункти фаолият кўрсатмоқда. Йил бошидан буён санитария бўлими назоратида 1353 та объект устидан назорат ва текширишлар олиб борилган.

- Аҳоли ўртасида юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг  кенгайтирилган эмлаш дастури (РПИ) асосида  вакцинация ўтказилмоқда, - дейди туман санитария-эпидемиологик оcойишталик ва жамоат саломатлиги бўлим бошлиғи Маъруф Бурхонов. - Жорий йилнинг ўтган даврида 21 минг 985 та киши лаборатория текширувидан ўтган. Олинган эпидемиологик ретроспектив таҳлиллар натижасига кўра, туманда пневмония, сил, энтробиоз, вирусли гепатитнинг "б", "с" ва "д" кўринишлари ва бошқа турдаги юқумли касалликлар кескин камайди. Аммо 349 ҳолатда вирусли гепатит "а" касаллиги  аниқланиб, бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 93 тага ошди.

Юқумли касалликларнинг айрим турлари ривожланиб кетгандан сўнг аниқланмоқда ва бу касалликнинг кўпайишига сабаб бўляпти. Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш ва касаллик юқтириш даражасини тезроқ аниқлаш мақсадида яқинда бўлимимизда янги лаборатория ташкил қилишни режалаштиряпмиз.

Пресс-тур давомида туман санитария бўлими томонидан мактабгача таълим ташкилотлари ва маҳаллаларда маҳаллабай ишлаш тизими асосида  амалга оширилган ишлар кўздан кечирилиб, иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.