Жаҳолатга қарши маърифат

Ўтган 2017 йилда Тошкент шаҳрида Ислом цивилизацияси маркази, Термиз шаҳрида Имом Термизий, Самарқандда Имом Бухорий номидаги халқаро илмий тадқиқот марказлари ва Ислом академияси каби илмий-маърифий муассасалар ташкил этишга киришилди. Имом Бухорий мажмуаси қошида ҳадис ва калом, Бухорода ҳазрати Баҳоуддин Нақшбанд мажмуаси қошида тасаввуф, Қарши шаҳрида Абу Муъин мажмуаси қошида ақида, Фарғонада фиқҳ мактаблари ўз фаолиятларини бошлаб, бугунги кунда ушбу мактабларда имом-хатиб ва уларнинг ўринбосарларидан танлов асосида қабул қилинган диний ходимлар махсус дастурлар асосида билимларини янада оширмоқда.
Ҳозирда юртимиздаги китоб фондларида 100 мингдан ортиқ қадимий қўлёзма ва тошбосма ноёб манбалар сақланмоқда. Лекин уларнинг аксарияти ҳанузгача ўрганилмаган, тадқиқ этилмаган. 
Ушбу ноёб манбалардаги ҳадислар ва алломаларимиз ўгитларида Ватан, ота-она, халқ манфаати, инсонларга меҳр-оқибатли бўлиш, етимлар ва мискинларнинг бошини силаш, катталарга ҳурмат ва кичикларга иззат каби инсоний фазилатлар мужассамдир. 
Биз дин номидан турли қўпорувчи, жамият ва халқ орасида ҳар хил иғволарни тарқатувчи, қўли қонга ботган, асл мақсади хунрезлик бўлган ҳар қандай мутаассиб оқимлар билан асло муроса қила олмаймиз. Муқаддас динимизни ҳимоя қиламиз. Бу йўлда қудратли давлатимиз ва азиз алломаларимиз қолдирган бой илмий меросга таянамиз.

Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ, 
вилоят бош имом-хатиби.