Жаҳон банки бош иқтисодчиси СамВМИда талабаларга сабоқ бермоқчи
Жаҳон банкининг қишлоқ хўжалиги соҳаси бўйича бош иқтисодчиси, лойиҳа раҳбари Теклу Тесфае бошчилигидаги мутахассислар Самарқанд ветеринария медицинаси институтида бўлди.
Унда Жаҳон банки томонидан ветеринария соҳаси ривожи учун илмий тадқиқот институтлари ва олий таълим муассасаларига маблағ ажратилаётгани айтилди. Жумладан, 2022 йилдан амалиётга жорий этилиши кутилаётган қиймати 50 млн. долларлик янги лойиҳанинг ОТМлар учун жуда самарали бўлиши таъкидланди. Мазкур лойиҳа давлат илмий-тадқиқот институтлари (ИТИ) ва олий таълим муассасаларига (ОТМ) халқаро даражадаги тадқиқотларни олиб боришга кўмак беради.
Шунингдек, учрашувда таълим маскани мутасаддилари томонидан СамВМИ қошидаги ўқув тажриба хўжалиги таркибида қорамолчиликка ихтисослашган фермер ҳўжалигини ташкил этиш ва иккинчи лойиҳа - эмбрион кўчириб ўтказиш бўйича таклифлар билдирилди. Ҳисоб-китобларга кўра, мазкур лойиҳалар учун умумий қийматда 14 млрд. сўм талаб этилади.
Мулоқот давомида Теклу Тесфае иқтисод йўналиши бўйича институт талабалари учун онлайн маъруза дарсларини ўтишга тайёр эканини билдирди.
Самарқанд ветеринария медицинаси институти ахборот хизмати.