Жаҳоннинг энг омадли одамининг омадсизлиги нимада?

Хорватиялик Фране Селак дунёнинг энг омадли одами сифатида тарихдан жой олган. 1929 йилда туғилган мусиқа ўқитувчиси мактабда болалар хорига раҳбарлик қилган. Аммо у нақд 7 марта ўлимдан омон қолиб, бир марта ютуқли лотереядан йирик миқдорда маблағ ютиб олган.
Унинг илк омади 1962 йилда келди. Хорватиянинг Сараево шаҳридан Дубровник қўрғони томон йўлга чиққан поезд темир йўлдан чиқиб музлаган дарёга қулайди. Ф.Селак билан битта вагонда кетаётган 17 киши эса сувга чўкиб кетади. Аммо Фране қўли синган ҳолда бўлса-да, қирғоққа сузиб чиқишга муваффақ бўлади.
1963 йилда эса у Загреб шаҳридан Риека шаҳрига томони «DC-8» самолётида йўл олади. 8 километр баландда герметизация оқибатида самолётнинг эшиги тўсатдан очилиб, барча йўловчилар пастга қулайди, 19 киши ҳалок бўлади, аммо, Фране осмондан тўғри пичан ғарами устига тушиб тирик қолади.
1966 йилда яна мўъжиза рўй беради. Селак ўтирган автобус Сплит шаҳри яқинида йўлдан чиқиб кетиб дарёга қулайди. Тўрт киши ҳалок бўлади, у эса яна соппа-соғ ҳолатда қирқоққа сузиб чиқади.
1970 йилда эса омадли хорват билан навбатдаги ҳалокат юз беради. Бу сафар унинг машинаси ҳаракатланаётган вақтда тўсатдан ёниб кетади. Аммо Селак машинанинг ёқилғи баки ёнишидан олдинроқ пастга сакраб омон қолади.
1973 йилда Селак бузуқ ёқилғи насоси туфайли тириклай ёниб кетишига сал қолади...
1995 йилда Загреб шаҳри кўчаларида уни автобус уриб кетади. Ф.Селак бу сафар ҳам омон қолади.
1996 йилда Фране ўз машинасида тоғ йўлларидан кетаётганида навбатдаги хавфли бурилишда БМТ қуролли кучларининг юк автомобилига дуч келади. У ўз «Шкода»сини четга буриб, автоҳалокатдан қочмоқчи бўлади. Бироқ, машина тўппа-тўғри йўл четидаги тўсиқни бузиб ўтиб, 90 метрлик жарликка тушиб кетади. Сўнгги сонияларда хорват машинадан сакраб қолади, бироқ мувозанатини ушлолмай пастга қулайди. У жарликдан ўсиб чиққан дарахт шохларига осилганича тубсизликка қулаб портлаб кетган машинасини томоша қилади...
Ниҳоят, сўнгги омади 2003 йилнинг июнь ойида келди: 74 ёшли Фране Селак лотерея ўйнаб, 600 минг фунт-стерлинг пул ютиб олади ва уни дўстлари, қариндош-уруғлари ўртасида тақсимлаб беради.
Ҳамма уни омадли одам деб атаса-да, у оила қуришда омадсизликка учраган. Чунки у беш марта уйланиб ажрашган.
Дилмурод Тўхтаев таржимаси.