Жамоат жойларида ибодат либосларида юриш бўйича чеклов бекор қилинди

“Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонун (ЎРҚ–699-сон, 05.07.2021 й.) Президент томонидан имзоланди.

Виждон эркинлиги – бу фуқароларнинг хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик бўйича кафолатланган конституциявий ҳуқуқидир.

Қуйидаги мақсадларда диндан фойдаланишга йўл қўйилмайди:
● конституциявий тузумини зўрлик билан ўзгартириш;
● суверенитет ва ҳудудий яхлитликка путур етказиш;
● фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини камситиш;
● урушни, миллий, ирқий, этник ёки диний адоватни тарғиб қилиш;
● фуқароларнинг соғлиғи ва ахлоқига тажовуз қилиш;
● фуқаролар тотувлигини бузиш;
● вазиятни беқарорлаштирувчи туҳматдан иборат уйдирмаларни тарқатиш;
● аҳоли ўртасида саросима уйғотиш ҳамда шахс, жамият ва давлатга қарши қаратилган бошқа ҳаракатлар содир этиш.

Қонунга кўра, Ўзбекистонда дин давлатдан ажратилган бўлиб, диний ташкилотлар ва давлат органларининг фаолияти ўзаро аралашмаслик асосида амалга оширилади.

Қонун билан фуқароларнинг жамоат жойларида ибодат либосларида юришларига йўл қўйилмаслигига оид чеклов бекор қилинди.

Диний ташкилот Ўзбекистоннинг 18 ёшга тўлган ва 50 нафардан кам бўлмаган фуқаролари ташаббуси билан тузилади. Илгари 100 нафар эди.

Шунингдек, қонун билан диний ташкилотни рўйхатдан ўтказишни рад этиш ҳамда уларнинг фаолиятини тўхатиб туриш асослари белгиланди.

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.