Жамоатчилик кенгаши: назорат қилади, ёрдам беради
Давлатимиз раҳбарининг шу йил 20 январда қабул қилинган “Ички ишлар органларини халқчил профессионал тузилмага айлантириш ва аҳоли билан янада яқин ҳамкорликда ишлашга йўналтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида ички ишлар органлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати тизимини яратиш мақсадида Ички ишлар вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмаларида жамоатчилик асосида доимий фаолият юритувчи маслаҳат-кенгаш органи ҳисобланган, соҳа олимлари, фахрийлари ва журналистлардан иборат жамоатчилик кенгашлари тузилиши белгиланган эди.
Мазкур ҳужжат ижросига кўра, Ургут тумани ички ишлар бошқармасида ҳам жамоатчилик кенгаши фаолияти йўлга қўйилди.
– Аслида, бу биз учун янги тажриба эмас, – дейди Ургут тумани ички ишлар бошқармаси жамоатчилик кенгаши раиси, фахрий педагог Қуддус Асқаров. – Кейинги икки-уч йилда туманимиз ички ишлар бошқармаси раҳбарияти билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйганмиз. Биз тизим ходимларига ўз ҳаётий тажрибаларимизни ўргатяпмиз. Аҳолининг, жамоатчиликнинг улар ҳақидаги фикри, фаолиятига бераётган баҳосидан келиб чиқиб, нималарга эътибор қаратиш кераклигини тушунтиряпмиз.
Президентимиз қарори билан ички ишлар тизимининг барча бўғинларида жамоатчилик кенгашларининг ташкил этилиши ички ишлар органларини аҳолининг ишончли ҳимоячиси сифатида халқчил профессионал тузилмага айлантириш, уларнинг фуқаролар, жамоат ташкилотлари ҳамда кенг жамоатчилик билан яқин ҳамкорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Туман ИИБ масъулларининг қайд этишича, уч йил олдин Ургут тумани мамлакат ички ишлар органлари тизимида “қизил” тоифадаги ҳудуд сифатида қайд этилган бўлса, бугунга келиб “яшил” тоифага ўтган.