Жазирама ҳафтаси: Мутахассис иссиқ ҳавода саломатликни сақлаш бўйича муҳим тавсиялар берди
«Ўзгидромет» маълумотига кўра, 13-17 июль кунлари республикамиз ҳудудида ҳаво ҳарорати кескин кўтарилиб, ҳарорат 41-43 даражагача, шимолий, жанубий ва чўл ҳудудларида эса 44-46 даражагача кўтарилиши кутилмоқда.
Бундай иссиқ об-ҳаво шароитида инсон организми қизиб кетиши, сувсизланиши, қон босимининг ўзгариши, юрак-қон томир тизимига ортиқча юклама тушиши ҳамда иссиқ уриши ҳолатлари юзага келиши мумкин.
Шу муносабат билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолига, айниқса, хавф гуруҳига кирувчи фуқароларга эҳтиёткорлик чораларига қатъий риоя қилишни тавсия этади.
Кимлар иссиқ ҳавода саломатлигига янада эътиборли бўлиши керак? Жазирамадан организмни қандай асраш лозим?
Бу саволларга Соғлиқни сақлаш вазирлиги бўлим бошлиғи Абдуқаюм Тўхтақулов батафсил жавоб берди.
- 65 ёшдан ошган кексалар, чақалоқлар ва ёш болалар, ҳомиладор аёллар, юрак-қон томир касалликлари, қандли диабет, буйрак, нафас йўллари ҳамда бошқа сурункали хасталикларга чалинган беморлар, шунингдек, юқори қон босими ёки юрак дори воситалари, сийдик ҳайдовчи, аллергияга қарши ёки психотроп препаратларни қабул қилувчилар иссиқлик таъсирига нисбатан айниқса заиф ҳисобланади, — дейди А. Тўхтақулов. - Бундай инсонларда чанқоқлик ҳисси кечроқ пайдо бўлиши, тана ҳароратини бошқариш қобилияти пасайиши ёки сурункали касалликлар хуружи кузатилиши мумкин. Шу боис уларнинг аҳволидан мунтазам хабар олиб туриш муҳим.
Иссиқ кунларда организм терлаш орқали кўп миқдорда суюқлик ва минерал моддаларни йўқотади. Шунинг учун чанқоқни кутмасдан, кун давомида оз-оздан ва тез-тез сув ичиш зарур. Катта ёшли соғлом инсонларга кунига ўртача 2–3 литр суюқлик истеъмол қилиш тавсия этилади. Юрак ёки буйрак касалликлари, шунингдек, шишга мойиллиги бўлган беморлар эса суюқлик миқдорини шифокор тавсиясига мувофиқ белгилаши лозим.
Иссиқ ҳавода енгил, кенг, ҳаво ўтказувчан ва оч рангли кийимлар кийиш тавсия этилади. Пахта ва зиғир каби табиий матолар танага ҳаво ўтишини таъминлаб, тернинг буғланишини енгиллаштиради. Кўчага чиққанда кенг қирғоқли бош кийим, қуёшдан ҳимояловчи кўзойнак тақиш, зарурат туғилганда эса қуёшдан ҳимоя қилувчи кремдан фойдаланиш мақсадга мувофиқ.
Оғир, ёғли, қовурилган, аччиқ ва ҳазм бўлиши қийин бўлган таомлар организмга ортиқча юклама беради. Шунинг учун сабзавотли салатлар, енгил шўрвалар, қатиқ, айрон, творог, тухум, товуқ ёки балиқ гўшти, шунингдек, янги меваларни истеъмол қилиш тавсия этилади. Кун давомида 5–6 марта оз-оздан овқатланиш мақсадга мувофиқ.
Тахминан соат 11:00 дан 17:00 гача очиқ қуёш остида юришни чеклаш керак. Зарур ишларни эрталабки ёки кечки салқин вақтларга режалаштириш мақсадга мувофиқ. Агар кўчага чиқиш зарур бўлса, сояли йўлаклардан юриш, бош кийим кийиш, ёнингизда сув олиб юриш ва ҳар 15–20 дақиқада оз-оздан сув ичиб туриш тавсия этилади.
Ҳеч қачон болаларни, кексаларни ёки ҳайвонларни автомобил ичида ёлғиз қолдирманг. Қуёш остида турган автомобиль салонида ҳарорат бир неча дақиқа ичида ҳаёт учун хавфли даражагача кўтарилиши мумкин.
Эсда тутинг: иссиқ ҳавода энг муҳим қоидалар — салқин жойда бўлиш, етарли миқдорда сув ичиш, енгил кийиниш, оғир овқат ва оғир жисмоний меҳнатни чеклаш, хавф гуруҳидаги яқинлар аҳволидан мунтазам хабар олиб туриш ҳамда хавфли белгилар кузатилганда зудлик билан тез тиббий ёрдамга мурожаат қилишдир.