Жазодан мақсад жиноятчидан ўч олиш эмас
Кейинги пайтда жиноий қилмиш учун жазо чораси сифатида озодликдан чеклаш жазоси кўп қўлланиляпти. Ушбу янги жазо турининг моҳияти, мақсади, афзалликлари ва тартиби ҳақида муштарийлардан саволлар тушяпти.
Суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг асосий мақсади, мазмун-моҳияти жиноятга жазо муқаррарлигини таъминлашдир. Яъни, шахс жиноят содир қилдими, жазоланиши шарт. Лекин жазодан мақсад жиноятчидан ўч олиш эмас, унга қилмишининг оқибатларини тушунтириш, англатиш ва қайта тарбиялаш.
Мустақилликнинг илк йилларида жиноят кодекси моддаларининг аксариятида қамоқ, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазолар белгиланган эди. Одамлар оддий ҳоллардаги жиноий қилмиш учун ҳам, қасддан содир этилмаган жиноятлар, оқибатини англамаган ҳаракат учун, ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолат учун ҳам узоқ йилларга озодликдан маҳрум этиларди. Бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин.
Қамоқнинг бир куни ҳам қамоқ. Қамоқ шахснинг жамиятдаги ва оиласидаги ўрнига кучли моддий-маънавий таъсири этиб, руҳиятига беқиёс зарба беради. Шунингдек, оила аъзоларининг боши эгилади, оғир изтироблар ичида қолади, асосий боқувчиси қамалган оилаларда моддий қийинчликка ҳам дуч келинади. Қамоқдан сўнгги “судланган”, “қамалган”, деган тамғалар кишининг, ҳаттоки, фарзандларининг ҳаётини издан чиқариб юборар эди.
Тан олиш керак, ўша пайтларда жазони ижро этиш жойларидаги муҳит ҳам анча оғир эди. У ерда бўлган кишилар руҳан ва маънан ўзгариб, қаҳри қаттиқлашиб, “икки дунё бир қадам” бўлиб қайтар эди. Шунинг учун муқаддам судланганлар ўртасида қайта жиноят содир этиш кўп учрарди. Демак, биринчи марта билмасдан жиноят содир қилган кимса (айримлар) энди бемалол шу йўлни танларди ва жамиятда бир маънан соғлом фуқаро ашаддий жиноятчига айланиб кетарди.
Аслида ҳаммани қамайвермаслик керак. Бу давлат бюджети учун ҳам қўшимча зарар, жиноятчини бир неча йил боқиш керак бўлади. Ва, бунақа қилмишлар учун қамалган билан бирор нарса ўзгариб, жамиятга фойда келиб қолмайди. Озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўта оғир жиноятлар учун қўллайвериш керак.
Эслатиб ўтамиз, ушбу мақолада гап фақат енгилроқ, қасддан содир қилинмаган жиноятлар ҳақида кетяпти. Бу фикрларнинг озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланиши шарт бўлган ўта оғир жиноятларга алоқаси йўқ.
Шунингдек, ўқувчиларга тушунарли бўлиши учун юридик терминлардан фойдаланмасликка ҳаракат қилдик. Ваҳоланки, жиноятлар турлари ва ҳолатлари каби тавсифи ҳам жуда кенг, атамалари ҳам турлича ҳамда анчайин мураккаб.
Жиноятчини жамиятдан ажратмасдан жазолаш, қайта тарбиялаш шахс учун ҳам, жамият учун ҳам ҳар томонлама фойдали. Чунки билиб-билмай жиноят содир қилган шахс қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, етказилган зарарларни қоплаб турган ҳолатда озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо берилса, у давлатдан, қонунчиликдан миннатдор бўлиб, хатосини қайта такрорламасликка ҳаракат қилади. Соғлом турмуш тарзида яшайди, оиласи, фарзандларига ҳам маънавий зарба берилмайди.
Шу мақсад йўлида босқичма-босқич амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари самараси ўлароқ, жиноятлар таснифи ўзгартирилиб, оғир ва ўта оғир жиноятларнинг 75 фоиздан кўпроғи ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятлар тоифасига ўтказилди. Натижада, кўплаб моддалардан озодликдан маҳрум қилиш жазоси чиқарилиб, жиноят ишлари бўйича озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазо турларини қўллаш имкони кенгайди.
Нега мустақилликнинг илк йилларида бу жазо тури бирданига қонунчиликка киритилмади, деган савол учрайди. Ислоҳотларни босқичма-босқич амалга ошириш деганининг сабаби шуки, қонунчиликка бирор янгилик тўсатдан киритилмайди. Бунинг учун жамиятда шароит етилиши, одамларда ҳуқуқий онг ва маданият тобора шаклланиб бориши, муҳими, қонунчиликда тегишли замин яратилиши керак. Ўтган йиллар давомида жиноий жазолар либераллаштирилди, ярашув институти татбиқ этилди, санкция бериш масалаларида ўзгаришлар бўлди. Узоқ йиллардаги шу каби тайёргарликдан сўнг, шунингдек, ҳукуматимизнинг бугунги қатъий инсонпарварлик сиёсати натижасида мазкур жазо турини қонунчиликка киритиш мавриди келди.
Шундай қилиб, қонунчиликка янги, инсонпарвар жазо турлари киритилди. Шулардан бири Жиноят кодексига 48-1-модда сифатида киритилган озодликдан чеклаш жазосидир.
Озодликни чеклаш суд томонидан маҳкумга нисбатан яшаш жойини у ёки бу сабаб билан тарк этишни бутунлай тақиқлашдан ёки сутканинг муайян вақтида яшаш жойидан чиқишни чеклашдан иборат.
Озодликни чеклаш бир ойдан беш йилгача муддатга тайинланади ҳамда суд томонидан белгиланадиган органлар назорати остида ўталади. Озодликни чеклаш, уни маҳкумнинг яшаш жойида ўташ шартлари содир этилган қилмишнинг хусусияти ва суд чиқарган қарорни ижро этишдан бўйин товлашнинг олдини олиш ҳисобга олинган ҳолда суд томонидан белгиланади.
Қўлланилаётган тақиқнинг (чеклашнинг) хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, суд маҳкумнинг зиммасига қуйидаги қўшимча тақиқларни (чеклашларни) юклаши мумкин:
- муайян жойларга бормаслик;
- оммавий ва бошқа тадбирлар ўтказишда иштирок этмаслик;
- муайян фаолият билан шуғулланмаслик;
- муайян буюмларга эга бўлмаслик ёки уларни ўзида сақламаслик;
- транспорт воситасини бошқармаслик;
- маҳкумларни назорат қилувчи органнинг розилигисиз яшаш жойини, иш ва (ёки) ўқиш жойини ўзгартирмаслик, тегишли маъмурий ҳудуддан ташқарига чиқмаслик;
- муайян шахслар билан алоқа ўрнатмаслик;
- алоқа воситаларидан, шу жумладан, интернетдан фойдаланмаслик;
- алкоголли ичимликлар истеъмол қилмаслик.
Суд озодликни чеклашга ҳукм қилинган шахснинг зиммасига ўзи етказган моддий ва маънавий зарарнинг ўрнини қоплаш, ишга ёки ўқишга жойлашиш мажбуриятларини, шунингдек, унинг тузалишига кўмаклашувчи бошқа мажбуриятларни юклаши мумкин.
Эътибор қилган бўлсангиз, барча тақиқлар фуқаронинг муайян ҳуқуқларини чеклаётган бўлса-да, шу билан бирга шахснинг ўзини қайта жиноят содир қилишдан асрашга қаратилганлиги сезилади. Чунки яқиндагина жиноят содир қилган, тергов ва суриштирув жараёнидан ўтган ва судланган шахснинг руҳиятида тушкунлик, зўриқиш бўлиши табиий. Шундай ҳолатдаги инсон ўзига келиб олиши учун узлатга чекиниши фойдадан холи эмас. Қонунчилик шу томонларини ҳам ҳисобга олган.
Агар озодликни чеклашга ҳукм қилинган шахс жазони ўташ даврида ўзининг жиноий қилмишларини англаб етган, тузалиш йўлига қатъий ўтган, етказилган моддий ва маънавий зарарнинг ўрнини қоплаган бўлса, суд маҳкумга нисбатан илгари тайинланган тақиқларни (чеклашларни) тўлиқ ёки қисман бекор қилиши мумкин.
Маҳкум озодликни чеклаш тариқасидаги жазони ўташдан қасддан бўйин товлаган, шунингдек, суд томонидан ўз зиммасига юкланган мажбуриятларни бажармаган тақдирда, суд озодликни чеклаш жазосининг ўталмай қолган муддатини бошқа турдаги жазо билан алмаштириши мумкин. Бу ҳолатда кўпинча, озодликдан чеклаш жазоси озодликдан маҳрум қилиш билан алмаштирилади. Яъни, давлатнинг инсонпарварлиги қадрига етмадингми, энди ўзингдан кўр, бунақа жазолар ҳам бор, деганларидек.
Жазони ўташдан бўйин товлаш вақти ўталган жазо муддатига қўшиб ҳисобланмайди. Амалиётда бунақа мисоллар ҳам кўплаб учраб турибди.
Озодликни чеклаш ҳарбий хизматчилар, чет эл фуқаролари, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш жойига эга бўлмаган шахсларга нисбатан тайинланмайди.
Садриддин НАБИЕВ.