Женьшендан 5 марта кучли доривор ўсимлигимиз борлигини билармидингиз?
Шогирдларимиз ва ҳамкорлар билан 2019 йил май ойидан буён чўлда ўсадиган бир доривор ўсимликни кўпайтириш бўйича изланишни бошлаган эдик. Яқинда тажриба майдонимизни кўздан кечиришга бориб, натижалар бўй кўрсатганини кўриб қувондим. Бу ўсимликнинг номи Систанхе (lat.Cistanche).
Бу ўсимлик табобатда деярли 2000 йил давомида маълум бўлган бўлсада, биз унутган эдик. Мазкур ўсимликни Осиё мамлакатлари аҳолиси “чўлдаги ҳаёт илдизи”, деб атайдилар. Унинг дориворлик хусусиятини женьшенникидан 5 марта кучлироқдир, деб эътироф этишади.
Систанхе қувватни тез тикловчи, ўта тетиклаштирувчи, антиоксидантлик, яллиғланишга қарши эстрогенли, юмшатувчи, турли ўсмаларга қарши, иммун тизимини кучайтирувчи, гепатотоксинлар таъсирида жигарни қайта тиклаш қобилияти бор. Мияда қон айланишини яхшиловчи ва бошқа кўплаб хусусиятларга эга.
Қадимда овчиларнинг кузатишларига кўра бўрилар жон сақлаб қишдан чиқиш учун систанхенинг илдизларини ковлаб истеъмол қилишган. Дунёда ҳозир бу ўсимлик илдизидан 100 дан ортиқ турли дори маҳсулотлари ишлаб чиқарилади.
Маълумот учун: бу туркумга 27 та тур кириб, уларнинг ичида энг машҳурлари шўрхок систанхе (лат. Cistanche salsa), сариқ систанхе (лат. Cistanche flava), сохта систанхе, чўл систанхеси, трубкасимон систанхелар кириб, улар шўра анабазис, жузғун, саксовул ва шўрадошлар оиласининг бошқа ўсимликларининг илдизларида паразитлик қилади. Деярли барча турлари қимматли кимёвий таркибга эга бўлиб, доривор мақсадларда кенг қўлланилади.
Диёримиз мана шундай минглаб доривор ўсимлик ва гиёҳларга бой биз фақат уни асрашимиз керак холос.
Абдушукур Ҳамзаев, Ўрмон хўжалиги илмий тадқиқот институти директори.