Жиноий қилмиши учун суд ҳукми билан жазосини ўтаётган 5 кишининг ўталмай қолган жазоси шартлига алмаштирилди
Мазкур фуқаролар Самарқанд вилоят суди раиси Олим Ҳайитов ва вилоят маъмурий суди раиси Тоҳир Файзиевнинг Нуробод туманида ўтказилган сайёр қабулида мурожаат этган. Шу ерда ташкил этилган сайёр суд мажлисида мурожаатлар кўриб чиқилган.
Юқоридаги фуқаролар қилмишидан пушаймонлиги, тегишли хулоса чиқарганлиги, тузалиш йўлига қатъий ўтганлигини, бундан буён соғлом турмуш тарзида ҳаёт кечиришини билдириб жазонинг ўталмай қолган қисмидан озод қилишни сўраган.
Вилоят суди ахборот хизматига кўра, улардан 5 нафарининг ўталмай қолган жазоси шартлига алмаштирилган ва қолганларига ҳуқуқий тушунтириш берилган.
Умуман, қабул жараёнида жиноят, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий масалалар юзасидан фуқаролар мурожаатлари кўриб чиқилган.
Одатда, суд-ҳуқуқ ислоҳотлари бўйича мурожаатлар аксарият ҳолларда жойида ҳал бўлмайди. Чунки, ҳар бир мурожаат тегишли тартибда, шунингдек айримлари суд тартибида ўрганилиши, айрим мурожаатлар кўрилаётган иш ҳужжатларига қўшилиши мумкин. Шу маънода, мазкур сайёр қабулда ҳам мурожаатларни имкон қадар жойида ҳал этишга ҳаракат қилинди. Вақт, жараён талаб қиладиган мурожаатлар бўйича тушунтириш бериб, ижросини назоратга олинди. Фуқароларни алоҳида қабул қилиш давомида эса асосан алимент, никоҳ, уй-жой, моддий билан боғлиқ масалаларда мурожаат бўлди, дейилади вилоят суди хабарида.