Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди судьяси Самарқанд шаҳридаги мактабга нега борди?

Одатда судьялар, қайси суднинг судьяси бўлишидан қатъий назар мактабга бормайди. Айрим ҳолатлар бундан истисно, албатта.

Аммо жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди судьяси Б.Алиқуловнинг Самарқанд шаҳридаги 13-умумий ўрта таълим мактабига бориши кутилмаган ҳолат бўлмади.

Негаки, 2019 йил 23 август куни Президент Ш.Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселекторда давлат хизматчилари мактабларга бориб, дарс бериш, бу амалиётни жорий қилиш лозимлиги ҳақидаги топшириғидан сўнг жиноят ишлари бўйича вилоят судида алоҳида режа ишлаб чиқилган.

Б.Алиқуловнинг Самарқанд шаҳридаги 13-мактабга бориши айни шу режа асосида амалга оширилди. Мактабда Б.Алиқулов 9-синф ўқувчиларига “Давлат ҳокимиятининг ташкил этилиши” мавзусида дарс ўтди.

Машғулот давомида судья ўқувчиларга давлат ҳокимияти бўлиниш принципларининг конституциявий асослари, давлат ҳокимияти органлари тизими, тузилиши ва шаклланиши, ҳозирги пайтда давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштириш соҳасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўзлаб берди.

Дарс давомида ўқувчиларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб берди.

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди.