Жизмонсойдаги муаллимнинг уй-музейида 3 минг йиллик тарихга эга ашёлар сақланяпти

Каттақўрғон туманининг энг чекка ҳудуди - Жизмонсой қишлоғида тарих фани ўқитувчиси Шерқувват Примов томонидан ташкил этилган уй-музейида 2-3 минг йиллик тарихга эга ашёлар сақланмоқда.

Музей 1987 йилда ташкил этилган бўлиб, ҳозир бу ерда 200 дан ортиқ экспонатлар сақланмоқда.

Мазкур уй-музейида 2-3 минг йиллик тарихга эга тош ҳайкалчалар ҳамда мис, сопол ва ёғочдан ясалган идиш-товоқлар бор.

Шунингдек, бу ерда уй-рўзғор буюмлари, қадимий кийим-кечаклар, каштачилик дурдоналари, турли тақинчоқлар, танга ва пул бирликлари, қадимий китоб ва қўлёзмалар ҳам сақланмоқда.

- Эрамиздан аввалги даврда юртимизда ишлатилган буюмлар Эрон босқинчиларини ҳайратга солган, - дейди Ш.Примов. – Бу ноёб ашёларни асраб-авайлаб келгуси авлодга етказиш барчамизнинг ишимиз бўлиши керак. Тўғри, қишлоғимиз чекка ҳудудда жойлашган. Ёшларимиз бу ерга келиб уй-музейимни томоша қилиш қийиндир. Аммо олдимга катта мақсад қўйганман. Яъни, кўчма музей ташкил қилиб, бу ерда сақланаётган тарихий ашёларни  бошқа ҳудуд ўқувчи-ёшлари ҳам томоша қилиш имконини яратмоқчиман.

Каттақўрғон тумани ҳокимлиги ахборот хизмати.