Жом кўркам ва обод қишлоққа айланмоқда
Шу муносабат билан мазкур аҳоли масканида вилоятимизда фаолият юритаётган оммавий ахборот воситалари ходимлари, марказий нашрларнинг вилоятдаги мухбирлари иштирокида пресс-тур ташкил этилди.
Журналистлар ҳудудда таъмирланаётган тураржой бинолари, янги қурилаётган иншоотлар, кўча ҳамда йўлларнинг тартибга келтирилаётган жараёнлари билан танишди.
– Ушбу ташаббус қишлоғимизда яшаётган ёшу қарининг фикрини ўзгартириб юборди, – дейди меҳнат фахрийси Нурмон Суюнов. – Юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ободончилик ишлари инсон манфаатига қаратилаётганини юракдан ҳис этяпмиз. Халқимиз йўлларнинг ўйдим-чуқуридан кўп азият чекди. Мана, қишлоғимизнинг марказий кўчалари асфальт қилиняпти, 22 километрдан зиёд тупроқ йўлларга шағал тўкиляпти.
Пресс-тур иштирокчилари Гирдиқўрғон маҳалласида яшовчи кам таъминланган оила Сафар Баротов хонадонида бўлиб, оиладаги мавжуд муаммолар билан қизиқди. Мулоқот жараёнида вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан хонадоннинг 30 сотихли томорқасига сув тармоғи тортиладиган бўлди. Вилоят хотин-қизлар қўмитаси уй бекаси Дилбар Баротовага гилам совға қилди. Паст Дарғом туманидаги "Жума пахта заводи" корхонаси ишчилари шу куннинг ўзида хонадонни таъмирлашга киришди.
Вилоят ҳокими Т.Жўраев кўп йиллар почта тармоғида ишлаган, ҳозирда кўзи яхши кўрмай қолган ва фуқаролик паспорти йўқлиги сабаб пенсия олишда муаммога учраётган гирдиқўрғонлик 82 ёшли Умрзоқ Абриевга пенсия тайинлаш бўйича мутасаддиларга топшириқ берди. Малакали врачлар отахонни тиббий кўрикдан ўтказди.
– 10 та тикув машинаси келтирдим. Мақсадим ушбу олис қишлоқларда 10 та янги иш ўрни яратиш, – деди Самарқанд шаҳрида истиқомат қилувчи тадбиркор, "Эко-планета" масъулияти чекланган жамияти раҳбари Сайёра Салимова. – Шу билан бирга, жомлик хотин-қизларга тикувчилик сирларини ўргатувчи ўқув маркази ташкил этмоқчиман.
Тадбиркорнинг ташаббуси қўллаб-қувватланди.
Иштирокчилар Жом маҳалласида вилоят инжиниринг компанияси буюртмасига асосан "Темир қалқон" масъулияти чекланган жамияти томонидан бунёд этилаётган 60 ўринли мактабгача таълим муассасаси қурилиши жараёнлари билан танишди.
– Жом қишлоғида амалга оширилаётган ободонлаштириш ишларида ёшлар ҳам фаол иштирок этмоқда, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши бўлим бошлиғи Б.Султонов. – Улар йўл қурилиши ишларида, атрофни тозалаш, дарахт кўчатлари ўтқазиш, уй-жойларни таъмирлашда усталарга ёрдамлашмоқда. Бу ишга 360 нафар етакчиларимиз, 490 нафар олий таълим муассасалари талабалари жалб этилган. Шунингдек, кенгашимиз ташаббуси билан 3-4 март кунлари уюштирилган "Ёшлар ҳашари" акцияси доирасида ҳам мингга яқин ёшлар Жомдаги бунёдкорлик ишларида қатнашди. Вилоятимиздаги маҳаллалар, аҳоли пунктларидаги кўп қаватли уйлар, ҳовлилар, боғ ва сайилгоҳларни тартибга келтириш, гулзорлар барпо этиш, дарахт кўчатлари ўтқазиш ишларига жалб қилинди.
Журналистлар Жом ҳамда Гирдиқўрғон маҳаллаларида 824 хонадоннинг кадастр ҳужжатлари тахланаётгани, бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларида юздан ортиқ корхона ва ташкилотдан жалб этилган 2 мингдан зиёд ишчи-ходимлар, 150 дан зиёд қудратли техникаларнинг ибратли ва залворли меҳнатларига гувоҳ бўлдилар.
Абдуғофур ШЕРХОЛОВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ (фото).