Жомбой тажрибаси вилоят 3-сектор раҳбарлари иштирокида таҳлил қилинди
Жомбой туманида «Секторлар фаолиятини сифат жиҳатидан яхшилаш ҳамда ҳудудни ижтимоий-иқтисодлий ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар натижадорлиги» мавзусида семинар ўтказилди.
Тадбирда вилоят ички ишлар бошқармаси ҳамда туман-шаҳар ички ишлар бўлими бошлиқлари иштирок этиб, уларга 3-сектор фаолияти тақдимот қилинди.
Кун аввалида иштирокчилар Эски Жомбой маҳалласида бўлиб, сектор штаби аъзоларининг фаолияти, иш ҳужжатлари билан танишди. Туманнинг 3-сектори ҳудудида 10 та маҳалла бўлиб, 45 435 нафар аҳоли истиқомат қилади. Жорий йилда 856 та оила «Темир дафтар»га, 1221 нафар хотин-қи «Аёллар дафтари»га, 55 нафар йигит-қиз «Ёшлар дафтари»га киритилган. Бугунги кунга қадар уларга 1 139 266 сўмдан ортиқ моддий ва маънавий ёрдамлар кўрсатилган.
Вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Раҳматжон Маматов, туман ҳокими Қаюм Собиров Президентимиз ташаббуси билан йўлга қўйилган секторлар фаолияти аҳоли муаммоларини ҳал этиш, камбағалликни қисқартириш ва бандлик кўрсаткичларини яхшилашда муҳим дастуруламал бўлаётгани ҳақида гапирди.
Ҳудуд аҳолисининг реал даромадларини ошириш мақсадида Сайхунобод тажрибаси асосида ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, Найман маҳалласи малиначиликка ихтисослаштирилган бўлиб, 200 дан ортиқ оила шу соҳада банд. Семинар иштирокчилари ушбу маҳаллада ҳам бўлишди. Тажрибали боғбон Ўткир Абдуллаев хонадонида тармоқнинг истиқболлари ҳақида сўз юритилди.
Иштирокчилар 3-сектор аҳолиси меҳнат қиладиган «Боғбон» ин-витро лабораторияси фаолияти билан ҳам танишди. Зарафшон маҳалласида бўлиб, «Маҳалла еттилиги» билан суҳбатлашишди. Ўзаро тажриба алмашиш жараёнида маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси ва профилактика инспектори ҳамкорлигининг муҳимлиги қайд этилди.
Жомбой тумани, 3-сектори тажрибаси вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам оммалаштирилиши белгиланди.