Жомбойда қўлбола ароқ ишлаб чиқараётган яширин цех фош этилди

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Жомбой тумани бўлими ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида туман ҳудудида тезкор тадбир ўтказилди.

Тадбирда фуқаро Д.С. Самарқанд маҳалласи ҳудудидаги хонадонида яширин цех ташкил қилиб, қўлбола усулда алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқараётганлиги аниқланди. Ушбу яширин цехдан умумий баҳоси 69,8 млн сўмлик 19 100 дона ёрлиқлар, 10 минг дона шиша қопқоқлари, 1500 дона бўш шиша идиш, 1570 дона қалбаки акциз марка, 1420 литр спирт, 359 дона алкоголь маҳсулотлари ва ишлаб чиқаришда фойдаланилган бошқа маҳсулотлар ашёвий далил сифатида олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 176-моддаси (қалбаки пул акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) ва 186-1-моддаси (этил спирти, алкоголли маҳсулот ва тамаки маҳсулотини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.