Жомбойдаги мактаб филиалида атиги 2 нафар ўқувчи ўқийди. Аммо 5-8 километрдан қатнайдиган ўқувчилар учун филиал зарур
Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи Саидаҳмад Усмонов раҳбарлигида бошқарма бўлим бошлиқлари, туман ва шаҳар халқ таълими бўлими мудирлари ва уларнинг ўринбосарлари иштирокида ZOOM платформаси орқали навбатдаги йиғилиш бўлиб ўтди.
Онлайн йиғилишнинг кун тартибига мувофиқ мактабларни янги ўқув йилига тайёрлаш ишларини сифатли бажарган ҳолда, ўз вақтида якунига етказиш, куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш, мактаб битирувчиларининг ОТМга ўқишга ҳужжат топшириши ва имтиҳонларда иштирокини таъминлаш ва бошқа масалалар муҳокама қилинди.
С.Усмонов мактаб битирувчиларининг ОТМга ўз ихтиёри билан, йўналишни тўғри танлаган ҳолда ҳужжат топшириши, имтиҳонларда иштироки халқ таълими бўлими мудири билан биргаликда, ҳар бир директорнинг зиммасидаги долзарб вазифа эканлигини таъкидлади. Битирувчиларнинг ОТМга кириш кўрсаткичлари ошиши, ўтган йилги натижаларнинг яхшиланиши бевосита ушбу муҳим жараёнга боғлиқ эканлигини қайд этиб, натижаларга кўра, директорлар фаолиятига баҳо берилишини эслатиб ўтди. Ўз навбатида, ОТМда ўқиш истагини билдирмаган битирувчиларни ҳамда 9-синфни битирган ўқувчиларни тавсия асосида касб-ҳунар мактабларига йўналтириш келгусида ишсизликнинг олдини олиши, ёшлар бандлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади.
Бошқарма бўлим бошлиғи Қўлдош Саидов вилоятда умумтаълим мактабларининг филиаллари фаолиятини қайта кўриб чиқиш, бу борадаги умумий аҳвол хусусида тўхталди.
Таъкидланганидек, вилоят халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги 151 та мактабнинг 188 та филиаллари мавжуд бўлиб, уларда жами 7888 нафар ўқувчи таълим-тарбия олмоқда. Филиалларнинг баъзиларида асосий мактаб билан оралиқ масофаси нисбатан яқин, ўқувчи сони кам бўлишига қарамасдан фаолият олиб борилмоқда. Ачинарлиси, айрим филиалларнинг бинолари яроқсиз. Мисол учун, Жомбой туманидаги 16-мактабнинг 1 та филиалида атиги 2 нафар ўқувчи ўқийди. Асосий мактабга эса оралиқ масофа 2 километрни ташкил қилади. Ёки Оқдарё туманидаги 30-, 34-, 40- ва 41-мактабларнинг филиалларининг биноси фойдаланишга яроқсиз, аниқроғи авария ҳолатига келиб қолган.
— Мактабга ниҳоятда узоқ, аниқроғи, камида 5-8 километрдан келадиган ўқувчилар учун филиаллар зарур. Аммо 2-3 нафар ўқувчи учун 5-6 нафар ўқитувчининг сарсон бўлиши ноқулайлик туғдиради, — деди бошқарма бўлим бошлиғи Қ.Саидов. — Шунингдек, ўқувчилар ҳаётини хавф остида қолишининг олдини олиш учун транспорт масаласини қайта кўриб чиқиш ёки туман марказларида мактаб-интернатлар фаолиятини йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ.
Онлайн йиғилишда Халқ таълими вазирлигининг stat.uzedu.uz электрон порталига умумтаълим муассасаларининг янги ўқув йилига тайёрлиги, мактабларда амалга оширилаётган қурилиш ва таъмирлаш ишларининг ҳолати билан боғлиқ маълумотларнинг киритиб борилиши ҳолати бўйича ҳар бир халқ таълими бўлими мудири огоҳлантирилди.
Қайд этилган масалалар, кўтарилган муаммолар юзасидан аниқ топшириқлар берилиб, вазифалар белгиланди.
Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.