Жомбойлик гулчи Муборак Ўроқова “Ишбилармон аёл” кўрик танлови туман босқичи ғолиби бўлди

O’zLiDeP Жомбой туман Кенгаши “Аёллар қаноти” томонидан Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати Ўзбекистон-либерал демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия Қўмитаси томонидан анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Ишбилармон аёл” республика кўрик танловининг туман босқичи бўлиб ўтди.
Туман марказий истироҳат боғида танлов муносабати билан фермерлар , чеварлар, ҳунармандлар, тадбиркорлар томонидан кўргазма ташкил қилинди. Тадбирда гулчи Муборак Ўроқовалар оиласи биринчи ўринни эгаллади.
Муборак Ўроқова турмуш ўртоғи ва фарзандлари билан 5 йилдан буён гулларнинг 50 га яқин турларини етиштиради. Уларнинг 15 тури хона гуллари бўлиб, қолган 40 дан ортиғи декоратив гуллар ҳисобланади.
- Гулчилик Жомбойда қолаверса, вилоятда сердаромад бизнес ҳисобланмайди. Гул бизнесининг маълум мавсуми бор. Аммо бу бизнинг оиламизни ташвишга солмайди. Гул етиштириш бизга шунчаки қизиқиш, биз бундан ўзгача завқ-шавқ оламиз. Шу боис томорқамизда ҳам иссиқхонамиз гуллар билан тўла, - деди М.Ўроқова.
Танлов натижаларига кўра 2- ўринга тикувчи Азиза Нурматова муносиб деб топилган бўлса, 3-ўринга “Нина замини” фермер хўжалиги раиси Салима Умарова лойиқ деб топилди.
Бахтигул Қаршиева,
O’zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши матбуот котиби.