Жомнинг гиламлари хорижга сотилади

Нурободлик Қундуз Худоёрова гилам тўқишни 9 ёшида ўрганган. Бу ҳунар билан шуғулланиб, ота уйида ҳам, келин бўлиб тушган хонадонида ҳам кам бўлмади. Гиламчиликдан рўзғорига қўшимча даромад келтириб турди.

- Болалигимизда онам қўй ва туя жунларини титиш, ип йигириш, бўяш ва тўқиб, гилам ҳолига келгунча бўлган жараёнларни бирма-бир ўргатган, - дейди у. – Биз тўқиган гиламларни отам бозорга сотиб келарди. Шу билан рўзғоримиз обод эди. Турмушга чиққанимдан кейин ҳам гилам тўқишни канда қилмадим. 10 қиз ва бир ўғилни тарбиялаб, уйли-жойли қилишда турмуш ўртоғимга елкадош бўлдим. 1996 йилда “Дуржамол” гиламчилик корхонасини ташкил қилиб, шогирдлар тайёрлай бошладим.

Бугунги кунда 70 ёшни қаршилаган Қундуз ая невара-чеваралари қуршовида кексалик гаштини сурмоқда. Унинг ишини қизи Севара Зиётова давом эттиряпти.

- Онам асос солган, қўлда гилам тўқиш билан шуғулланувчи корхонамизга 2001 йилдан бери раҳбарлик қиламан, - дейди С.Зиётова. – Бу ерда Жом қишлоғида яшовчи 12 нафар хотин-қиз иш билан банд. Шунингдек, "Уста-шогирд" мактабини ҳам йўлга қўйганмиз. Турли фестивалларда қатнашганмиз. Биз тайёрлаган маҳсулотларга хорижликлар кўпроқ қизиқади.

Саодат Расулова Жом қишлоғидаги Омондара маҳалласида раис ўринбосари вазифасида ишлаш билан бирга, гилам тўқиб, қишлоқ хотин-қизларига ўрнак бўляпти.

- Устозимиздан ўрганганларимизни шогирдларимизга ўргатяпмиз, - дейди С.Расулова. - Қундуз хола бизга гилам тўқиш сирлари билан бирга лапарлар, ўланлар айтишни ҳам ўргатган. Қўлда гилам тўқишнинг ўзига яраша қийинчиликлари бор-да, ўрмакда ўтиравериб, оёқлар увишади, бел толиқади. Шундай пайтларда ашулалар ҳиргойи қилиб, рақсга тушиб, ҳордиқ чиқарамиз.

Ўрмак жотар уюрилиб,

Сен журасан керилиб,

Қайнонанг қарамайди,

Ўрмагига қайрилиб.

Қундуз аянинг неваралари орасида ҳам гиламчилик ҳунари билан шуғулланадиганлари кўпчиликни ташкил қилади. Улардан бири  Бибиҳамида Хўжақулова олий маълумотли бўлиб, бувисининг ишини давом эттиришни ният қилган. У ҳозирда Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти дизайнерлик йўналишида таълим оляпти.

- Оилавий муҳит сабаб эсимни таниганимданоқ гиламчиликка қизиққанман, - дейди у. – Бу қизиқиш мени турли кўрик-танловларда қатнашишга ундади, қолаверса, олий ўқув юртига етаклади. 2015 йилда ёшлар ўртасида ўтказилган ҳунармандчилик фестивалининг республика босқичида гиламчилик йўналишида биринчи ўринни қўлга киритганман. Орзуларим катта. Момоларим бошлаб берган қўлда гилам тўқиш анъаналари асосида кўзни қувонтирувчи бежирим, сифатли маҳсулотлар тайёрлаш ва дунё бозорида ўз ўрнимизни топишни ният қилганман.

Жом қишлоғида гиламчи хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Қўлда гилам тўқиш кластери” масъулияти чекланган жамияти ташкил қилинди. Энди қўшни маҳаллалардан, туманнинг турли ҳудудларидан гилам тўқишга қизиқувчи хотин-қизларни излаб топиб, "Уста-шогирд" мактаби аъзолари сафи кенгайтирилади. Кластер корхонасида 60 нафар  хотин-қиз ўқитилиб, уларнинг бандлиги таъминланади. Қўл меҳнати асосида қўй ва туя жунларидан турли хилдаги гиламлар, жойнамоз, девор безаклари, белбоғ, пайпоқ ва бошқа қишки кийимлар тўқилади.

Бундан ташқари, ушбу “Қўлда гилам тўқиш кластери” корхонаси сайёҳлар учун йўл харитасига ҳам киритилган.

Туманда аҳоли тарқоқ жойлашгани инобатга олиниб, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан ҳамкорликда "Аработа", "Олға", "Қиличли", "Нурбулоқ", "Сарикўл", "Улус", "Жом" маҳаллаларида касб-ҳунарга ўқитиш марказлари ташкил этилди.

Ўқув марказларига “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ва “Темир дафтар” жамғармаларидан маблағлар ажратилган. Ушбу ўқув марказларида бугунги кунда 220 нафар хотин-қиз ҳунар ўрганяпти.

Тўлқин Сиддиқов,

Бахтиёр Мустанов (фото).