Жонга қасд қилиш – қўрқоқлик
Ўз жонига қасд қилиш динимизда қаттиқ қораланади. Бу масала юзасидан бир қатор оят ва ҳадислар ҳам мавжуд. Хусусан, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам "Ким тоғдан ташлаб, ўзини ўзи ўлдирса, у жаҳаннам оташида абадулабад ўзини тоғдан ташлаб туради. Ким заҳар ичиб, ўзини ўлдирган бўлса, у заҳарни қўлида тутган ҳолида жаҳаннам оташида абадулабад заҳар ичиб туради. Ким ўзини ўзи темир (тиғ) билан ўлдирса, у темирни қўлида тутган ҳолда жаҳаннам оташида абадулабад ўша темирни қорнига санчиб туради", дейдилар.
Ўз навбатида жонга қасд қилиш ҳолати бугунги жамиятимизда ҳам оғир оқибатларга олиб келади. Бу маҳаллада носоғлом кайфиятни юзага келтирса, оила аъзоларининг руҳиятида тузалмас асорат қолдиради.
Бу иллат сабабини аввало, оиладаги маънавий муҳит, тарбиядан излаш керак. Ота-она ўз маданияти ва дунёқараши билан фарзандларга ўрнак бўлса, оилавий суҳбатларда ёшларга диний-маърифий тушунча бериб борилса, бундай кўнгилсизликларнинг олди олинарди.
Инсоннинг ўз жонига қасд қилиши, Аллоҳнинг қазои қадарига қарши чиқиши, қолаверса, умр неъматига ношукрлик қилиш ҳақиқий мусулмонга хос бўлмаган иллат. Умр – бебаҳо неъмат. Зеро, унинг қадрига етиш, ҳаётни мазмунли ўтказиш, солиҳ фарзандлар тарбиялаш, ўзидан эзгу ишлар қолдириш фарздир.
Хайруллоҳ САТТОРОВ,
вилоят бош имом-хатиби
ўринбосари.