ЖССТ: Коронавирус тарқалиши тезлиги икки баробарга ошди
“Май ойидаги кўрсаткичлар билан таққослаганда, коронавирус тарқалиши тезлиги икки баробарга ошди. Шу билан бирга пандемиянинг юқори нуқтаси ҳали олдинда”, дея таъкидлади Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Аданом Гебрейесус.
Ўтган ойларда касаллакнинг ҳафталик ўсиш кўрсаткичлари камаяётгани кузатилган эди. Бироқ кўрсаткичлар яна ошиб бормоқда. ЖССТ 10 июль куни бир кеча-кундуздаги коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолати рекорд кўрсаткични қайд этди – 228 мингдан ортиқ коронавирус ҳолати аниқланди.
Гебрейесуснинг сўзларига кўра, Америка, Африка ва Осиё мамлакатларида касалликнинг йирик ўчоқлари қайд этилган. Баҳор ойларида коронавирусни жиловлай олган Европа давлатларида ҳам оммавий касалланиш ҳолатлари аниқланмоқда.
Америкалик шифокор, АҚШнинг коронавирусга қарши курашиш гуруҳининг бош мутахассиси, доктор Энтони Фаучи 9 июль куни глобал пандемия эндигина бошланганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, коронавирус билан боғлиқ вазият яқин келажакда янада салбий томонга ўзгаради. Сабаби, Бразилия, ЖАР ва Осиёда инфекциянинг фаол тарқалиши энди бошланди.