Журналистикада ўзига хос мактаб яратган ижодкор

Оқдарё туманидаги 51-умумтаълим мактабида марҳум ижодкор, давлат ва жамоат арбоби, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Сафар Остонов хотирасига бағишланган “Умид билан яшагин”, деб номланган тадбир бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси, вилоят ҳамда Оқдарё тумани ҳокимликлари ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда С.Остоновнинг ҳамкасблари, дўстлари, шогирдлари, фарзандлари ва яқинлари иштирок этди.

1948 йилда Ургут туманининг тоғли Севазсой қишлоғида туғилган Сафар Остоновнинг ота-онаси тақдир тақозоси билан Оқдарё тумани Олчинтепа қишлоғига кўчиб келади. Ёш Сафар шу қишлоқдаги 51-мактабда таҳсил олади ва етуклик аттестатини олгач, Тошкент давлат университетига ўқишга киради. Тадбир аввалида иштирокчилар Сафар Остоновнинг ўзи ўқиган мана шу мактабда ташкил этилган “Хотира бурчаги” ва ундаги газеталар, суратлар, ижодкор фаолияти билан боғлиқ маълумотлар билан танишди.

– Сафар ака умрининг эллик беш йилини журналистикага бағишлади, ҳаётининг сўнгги нафасига қадар ҳам қўлидан қоғоз-қалам тушмади, – дейди ижодкорнинг шогирдларидан бири Фармон Тошев. – У кишини 1970 йилларнинг ўрталарида республика ёшлар газетасида ишлаган вақтдан буён биламан. Кейинчалик “Спорт”, “Ўзбекистон футболи”, сўнгра “Ўзбекистон овози” ва “Голос Узбекистана” газеталарида бош муҳаррир лавозимида ишлаган пайтларида ҳамиша ҳамроҳ, ҳамфикр бўлганмиз. Сафар ака халқнинг кўнглидагини ёза оладиган, дардини тез илғаб оладиган маҳоратли журналист эди. Қайси соҳада ёзмасин, воқеа-ҳодиса тафсилотларини чуқур ўрганиб, фикрини жамлаган ҳолда ёзув столига ўтириши, чарчаш нималигини билмаслиги кўпчилик ҳамкасбларимизга ибрат эди. Шунингдек, суд-ҳуқуқ мавзусида мақола ёзадиган журналистлар республикамизда саноқли бўлиб, бу борада Сафар ака етакчилардан эди.

Тадбир давомида Фаррух Ҳамроев устози Сафар Остоновдан нафақат ижод сирларини, балки ҳаёт сабоқларини ҳам олганини алоҳида эътироф этди. Ҳамкасби, ҳам шогирди Нурулло Остонов ҳам устознинг ҳаётлик пайтида ижтимоий ҳаётдаги кўплаб долзарб ва кескин муаммоларни дадил кўтариб чиққанини таъкидлади. Материалларни холис ва ҳаққоний ёритадиган, ватанпарварлиги билан кенг жамоатчилик ўртасида муносиб обрў-эътибор қозонган ўткир қалам соҳиби, муҳими, журналистика соҳасида ўзига хос мактаб яратгани ҳақида фикр юритди.

Тадбирда ушбу таълим масканида Сафар Остоновнинг музейини, Самарқанд шаҳрида журналистика мактабини ташкил этиш, 80 йиллиги олдидан бир қатор тадбирлар ўтказиш борасида фикр ва таклифлар билдирилди.

Ҳусан Элтоев.