Журналистикага оид қўлланма яратилди. Энди «Журналистика профессори» илмий унвони таъсис этиладими?
Бугун Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида журналистика соҳасига оид 10 жилдлик қўлланманинг тақдимот маросими бўлиб ўтди. Тадбирда Агентлик раҳбарияти, сенаторлар, профессор-ўқитувчилар, талабалар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Қайд этиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг тегишли топшириғи билан Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги зиммасига журналистларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш нуқтаи назаридан келиб чиқиб, улар учун халқаро тажрибани ўрганган ҳолда, назариётчи олимлар ҳамда амалиётчиларнинг тажрибалари асосида журналистика соҳасига оид қўлланма тайёрлаб, чоп этиш вазифаси юкланган эди. Бугунга келиб мазкур қўлланма китобхонлар ҳукмига ҳавола этилди.
— Мазкур қўлланмани тайёрлаш ишлари беш ой олдин бошланган эди, — деди Агентлик директорининг биринчи ўринбосари Дилшод Саиджанов. — Ўша пайтда раҳбаримиз Комил Алламжонов ҳамда директор ўринбосари Саида Мирзиёева ушбу масалага катта эътибор қаратиб, қўллаб-қувватлаган эди. Деярли ҳар ҳафта нашриёт раҳбарлари, қўлланма учун масъул шахсларга уни сифатли қилиб тайёрлаш юзасидан топшириқлар берилди. Мана, қисқа вақт ичида катта меҳнат эвазига 10 жилдлик қўлланма тайёр бўлди.
Қўлланманинг ҳар бир жилди, улардаги боблар, мавзуларни аниқлаш мақсадида олий таълим муассасалари вакиллари билан бир қаторда Журналистлар малакасини ошириши маркази, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, “Дунё” ахборот агентлиги вакиллари, таниқли ижодкорлардан иборат таркибда ишчи гуруҳ тузилди. Бир неча бор маслаҳат йиғилишлари ўтказилди. Ҳар бир жилд бўйича масъул муҳаррирлар танлаб олинди ва уларнинг тавсиялари асосида муаллифлар таркиби шакллантирилди. Қўлланма олий таълим муассасаларидаги таълим жараёнида фойдаланиш билан бир қаторда, “Журналистнинг шахсий кутубхонаси” сифатида ҳар бир таҳририятда, журналистларнинг шахсий китоб жавонларидан ўрин олишга арзийдиган адабиётлар сифатида тайёрланди.
Қўлланманинг ҳар бир жилди “Журналистика назарияси, тарихи ва тараққиёти”, “Журналистика ҳуқуқи ва этикаси”, “Медиалингвистика ва таҳрир”, “Медиа-маркетинг ва менежмент”, “Босма оммавий ахборот воситаларида жанрлар ва маҳорат масалалари”, “Аудиовизуал журналистика”, “Онлайн журналистика ва медиада янги трендлар”, “Замонавий медиа муҳитда PR-хизматлар”, “Ихтисослашган журналистика”, “Журналистика социологияси ва психологияси” 1000 нусхада нашрдан чиқарилди.
— Очиғини айтганда, шу пайтга қадар журналистика соҳасига оид мақташга арзигулик қўлланма йўқ эди, — деди таниқли журналист, Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Маҳмуджон Парпиев. — Нашр этилган мазкур қўлланма мавжуд бўшлиқни тўлдирди, дейиш мумкин. Бу нафақат бўлғуси журналистлар учун, балки бугун соҳада меҳнат қилаётган ижодкорлар учун ҳам муҳим манба бўлади. Бу ишга бош қўшган Агентлик раҳбарлари ва “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи жамоасига, қўлланма муаллифлари — устоз журналистлар, профессор-ўқитувчиларга миннатдорлик билдираман.
Тадбирда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вакиллари, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ҳамда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ўқитувчилари сўзга чиқиб, мазкур қўлланманинг чоп этилиши соҳа ривожи учун янги қадам бўлганини қайд этишди.
— Ушбу китобнинг чоп этилиши худди Алишер Навоийнинг «Фарҳод ва Ширин» достонида тоғни тешиб сув очгандек хайрли иш бўлди, — деди “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев. — Агентлик, нашриёт ва қўлланмалар муаллифлари илм булоғига йўл очди, десам муболаға бўлмайди. Бу иш ниҳоятда улкан илмий изланишлар натижасидир. Шунинг учун Ўзбекистонда ҳам «журналистика профессори», деган илмий унвон таъсис этилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Тақдимотда журналистика бўйича таълим олаётган талабалар ҳам сўзга чиқиб, мазкур қўлланманинг аҳамияти катта экани ҳамда бугунги давр журналистикаси учун сув ва ҳаводек зарур эканини таъкидладилар.
Журналистларнинг саволларига мутахассислардан жавоб олинди.